Россия ҳарбийлари 7 июл куни Харкив ва Запорижжя шаҳарларидаги ҳудудий тўлдириш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш марказлари (Украинада бу военкомат муқобили) биноларига дронлар билан зарба берди, деб хабар берди Украина қуролли кучлари қуруқликдаги қўшинлари қўмондонлиги.

Запорижжядаги ҳарбий комиссариат биносига берилган зарба натижасида бир аскар яраланган, Харкивда уч киши жароҳатланган. Маҳаллий расмийлар Запорижжя 20 киши, жумладан, икки ҳарбий, Харковда эса 33 киши яралангани ҳақида хабар берган.

Расмийларга кўра, Харкивда Холоднигор районига зарба берилган: маъмурий бинолар, беш қаватли турар жой биноси шикастланган, иккита автомобил ва яна бир турар жой биноси ёниб кетган. 7 июлга ўтар кечаси ҳам шаҳарга дронлар ҳужуми уюштирилди. Жами 66 киши, жумладан, олти нафар бола жабрланган. Саккиз нафар жабрланувчи касалхонага ётқизилган. Бир киши ҳалок бўлган.

Харкивда Россия дронлари ҳужуми натижасида шикастланган бинодаги ўт ўчирувчи, 2025 йил 7 июл
Sofiia Gatilova / Reuters / Scanpix / LETA

Запорижжяда таълим муассасасининг ётоқхоналари, кўп қаватли ва хусусий уйлар, нотурар бинолар шикастланган.

Россия мудофаа вазирлиги ҳужумни тан олиб, Россия дронлари Украина қуролли кучларининг ҳарбий комиссариатларини «аниқ нишонга олгани» ҳаиқда маълум қилган.

Харкивдаги аҳоли яшаш кварталида Россия дрони зарбаси келиб тушган жойда ҳосил бўлган ўра
Sergey Kozlov / EPA / Scanpix / LETA
Vyacheslav Madiyevskyy / Reuters / Scanpix / LETA
Запорижжяда Россия дрони зарбаси оқибатлари
Reuters / Scanpix / LETA

Россия қўшинлари июн ойи охири – июл ойи бошидан бери Украина ҳарбий комиссариатларига зарба бериб келмоқда. 30 июн куни Россия дронлари Кривий Риҳдаги ҳарбий комиссариат биноси яқинига қулагани, уч киши жароҳатлангани ҳақида хабар берилганди. 3 июл куни Украина қуролли кучлари қуруқлик қўшинлари қўмондонлиги Россия дронлари ҳужумидан сўнг Полтавадаги ҳудудий тўплаш маркази биносида ёнғин бошлангани ҳақида хабар берди. Полтава областининг Кременчуг шаҳридаги яна бир шундай бино 6 июл куни зарбага учради.