Жаҳон | 18:48 / 09.07.2025
1735
2 дақиқада ўқилади

ХАЭА раҳбари Европа давлатларини ядро қуролига эга бўлишга уринишдан қайтарди

Рафаэл Гросси сўзларига кўра, ядро қуролини яратиш салоҳияти бутун Ғарбий Европа, шунингдек, Осиё ва Форс кўрфази мамлакатларида мавжуд.

Фото: Reuters

Халқаро атом энергияси бўйича агентлик (ХАЭА) раҳбари Рафаэл Гроссининг айтишича, ядро қуролига эга бўлмаган Европа давлатларининг уни қўлга киритишга уринишлари дунё тартибини «ўрмон қонунига» айлантиради.

«Кейин ядровий тийиб туриш механизми амал қилмай қўяди ва бу қурол амалда қўлланилади», деди у.

Гроссининг сўзларига кўра, ядро қуролини яратиш салоҳияти бутун Ғарбий Европа, шунингдек, Осиё ва Форс кўрфази мамлакатларида мавжуд.

ХАЭА раҳбарининг фикрича, Германияга ядро қуролини яратиш учун бир неча ой керак бўлади. Германия уни қандай яратишни билади ва унда керакли компонентлар мавжуд. Рафаэл Гросси Ядро қуролини тарқатмаслик ҳақидаги шартномага риоя қилишга чақирди. Акс ҳолда 20-30 та давлат ядро арсеналига эга бўлади.

Айни пайтда тўққизта давлат ядро қуролига эга: АҚШ, Россия, Буюк Британия, Франция, Хитой, Ҳиндистон, Покистон, Исроил ва Шимолий Корея.

Июн ойида Бундестаг депутати Йенс Шпан Германия бошчилигида Европада «ядровий соябон» яратишга чақирди. У Германия Буюк Британия ва Франциянинг ядровий арсеналларига тўғридан-тўғри кириш ҳуқуқига эга бўлиши керак, деган фикрни илгари сурди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид