Бугун охирги кунларнинг энг шов-шувли интервюси ҳақида гаплашамиз. Йўқ, бу суҳбатда ноодатий ҳеч қандай сир очилмади, ҳеч ким билмайдиган бошқа гап ҳам айтилгани йўқ. Шунчаки интервю уюштирилганининг ўзи шов-шувли бўлди. Америкалик телебошловчи Такер Карлсон Эрон президенти Масъуд Пизишкиёндан интервю олди. Табиийки Карлсон Эронга бормади, Пизишкиён ҳам АҚШга боргани йўқ. Интервю онлайн уюштирилди. Видеода шу ҳақда.

«Бу Нетаняҳунинг уйдирмаси»

Карлсон Эрон президентидан мамлакат ядро дастуридан воз кечишга тайёрми деб сўради. Пизишкиён эса Эронда ҳеч қачон ядро қуроли ишлаб чиқариш истаги бўлмагани, уранни бойитиш ҳақида гап Бинямин Нетаняҳу ўйлаб топган уйдирма эканини айтди.

«Нетаняҳу 1984 йилдан буён Эрон ядро қуроли ясашга киришди деб Америка президентларини ишонтириб келади. Лекин биз ҳеч қачон ядро қуроли ясашга ҳаракат қилмаганмиз. Чунки бу хато. Эрон олий лидери Али Хоминаийнинг буни тақиқловчи фатвоси ҳам бор. Атом энергетикаси халқаро агентлиги узоқ йиллар буни назорат қилиб келишди. Лекин охирги вақтларда бўлган ишлар сабаб биз келишувни тўхтатдик», деди Эрон президенти.

«Сиз Атом энергетикаси халқаро агентлиги билан ҳамкорликни тўхтатгач, дунё сиз уранни бойитмаётганингизга қандай ишониши, буни қандай текшириш мумкин?» деб сўради Карлсон ҳақли тарзда.
Пизишкиён бу саволга очиқ жавоб бермай, Эрон бу борада АҚШ билан музокара ўтказаётган вақтда Исроил ҳужум қилиб қолганини айтди. Шунингдек, АҚШ ҳужуми сабаб Эрондаги ядро технологиялари зарар кўргани, уларга етиб бориш имконсизлиги сабаб халқаро текширув имконсиз эканини айтди.

«АЭХА жосусмиди?»

Интервю давомида Такер Карлсон берган энг ўринли савол ҳам атом энергетикаси халқаро агентлиги ҳақида бўлди. Исроил ва АҚШ ҳужуми фонида Эрон бу ташкилот билан ҳамкорликни тўхтатишини эълон қилганди. Маълумот учун, дунёдаги барча уран қайта ишланадиган, АЭСлар бор давлатда Атом энетгетикаси халқаро агентлиги инспекторлари бўлиши шарт. Улар аввало ядровий хавфсизликни таъминлайди, шунингдек, давлатлар уранни бойитиб ундан ядровий қурол ясаш учун фойдаланмаслиги учун текширув олиб боради.

«Жаноб президент, Атом энергетикаси халқаро агентлиги жосуслик қилиб Эрондаги объектлар ҳақида Исроилга маълумот бериб боргани ҳақида хабарларга қандай қарайсиз?» деб сўради Карлсон.

Эрон президенти буни тасдиқлагандай жавоб берди: «Ҳа, бизда агентлик фаолияти билан боғлиқ шубҳалар бор эди, лекин бу агентлик ходимлари фаолиятига таъсир қилгани йўқ. Уларда барча ядровий обектларимизга кириш имкони бўлган. Лекин ўзаро ишонч агентликнинг охирги ҳисоботдан кейин йўқолди. Улар ҳисоботда ядро обектларига зарба берилишини ҳатто қораламади. Исроил эса бундан ўз мақсадида фойдаланиб қолди», деган Эрон президенти.