Ушбу мақолада тежашни эскича “пул камлиги” ёки “ўзингни сиқиб яшаш” деб эмас, балки замонавий, оқилона, эркин яшаш воситаси сифатида кўриб чиқамиз.
Тежаш – ўзингга эмас, кераксиз нарсаларга “йўқ” дейишдир.
“Тежамкорлик” – кўпчилик учун “камбағаллик билан келишиб яшаш”дек туюлади. Лекин аслида бу шунчаки молиявий ихтиёрни қўлга олишдир. Яъни ҳар бир сўмни ўйлаб ишлатиш, ҳар бир сарфда сабр, онг ва мақсад бўлишидир.
“Бой одам ҳар доим кўп даромад қилган эмас, балки ҳар доим ўз ҳаражатларини билган одамдир”, – дейди Роберт Киёсаки.
Харажат қилишдан олдин бир дақиқа тўхтаб, ўзингизга савол беринг: “Бу нарса менга хизмат қиладими ёки мен унга хизмат қиламанми?”
Кўп ҳолларда, пул сарфлагач ҳам ҳаётингиз ўзгармайди. Лекин шу пулни жамғарсангиз, бир йил ичида ҳаётингизни озми-кўпми ўзгартирадиган сармояга айланади.
Ҳақиқий эркинлик дегани – истаган жойга бориш, истаган курсда ўқиш, болангга ёки оилангга ортиқча “ҳисоб-китоб”сиз нарса олиб бериш эмасми? Шундай ҳаёт учун эса даромаддан кўра муҳимроқ нарса бор – бу тартибли харажат.
Япон ёзувчиси Масару Ибука ёзади: “Одамлар билимни болалигидан ўрганади, пул билан муомала қилишни эса ҳаёт ўргатади”. Биз ҳам пулдан қўрқиб эмас, пулни бошқариб яшашга ўрганишимиз керак. Тежамкорлик – бу йўлдаги биринчи қадам. Ундан уялмайлик.
Пул тежаш учун самарали қоидалар
1. “Аввал ўзимга” қоидаси – 10 фоиз қоидасини жорий қилинг. Ойлик тушган куни биринчи қилинадиган иш – харажат қилиш эмас, ўзингга жамғарма ажратиш бўлсин.
“Биринчи бўлиб ўзингга тўла” тамойили қуйидагича: ҳар ой ойликдан камида 10 фоизини алоҳида ҳисобга (ёки конверт, ёки банк картасига) солиш керак. Тез орада бу пулга бошқача кўз билан қарай бошлайсиз – бу сизнинг келажагингиз, хавфсизлик захирангиз, хотиржамлигингиз гарови.
2. Ҳеч бўлмаса, 1 ой давомида барча харажатларингни ёзиб боринг. Бу оддий туюлади, лекин жуда яхши усул: 1 ой давомида нима сотиб олдингиз, қанча сарфладингиз, қачон – барчасини ёзинг. Ёзганда шунчалик кўп “бекорчи харажатлар” борлигини кўриб, ўзингиз ҳайрон қоласиз.
Бу таҳлилдан кейин “қайси харажатни қисқартирса бўлади”, “қаерга ортиқча кетяпти” деган ҳақиқат кўринади. Шундагина ҳақиқий назорат пайдо бўлади.















