NYT мақоласида айтилишича, Воронич УХХда ўнлаб йиллардан буён ишлаб келган ва «Алфа» махсус амалиётлар маркази офицери бўлган.

Нашрнинг ёзишича, бу бўлинма «ўтган ёзда Украина ҳарбийлари Россиянинг Курск областига уюштирган кутилмаган ҳужумида» муҳим рол ўйнаган. Бу ҳужум натижасида украин қўшини Россия ҳудудининг бир қисмини эгаллаб олиб, кейинги саккиз ой давомида бу ҳудудларни ўз назоратида ушлаб турганди.

Украиналик ҳарбий ва разведкачи, илгари УХХда ишлаган Роман Червинскийнинг айтишича, Воронич Украина хавфсизлик хизматининг «ҳозирда россияликларга кўп муаммо туғдираётган» йўналишига асос солганлардан бири бўлган.

«Бугун шахсан мен ва УХХнинг кўплаб ватанпарвар ходимлари учун йўқотиш рўй берди. Душман диверсанти томонидан офицер (полковник) Воронич Иван Иванович ўлдирилди», – деб ёзди Червинский қотиллик содир этилган куни ижтимоий тармоқларда.

Ўша кунги баёнотида УХХ қотилликни текшираётганини маълум қилган, бироқ бошқа ҳеч қандай маълумот тақдим этмаганди.

13 июл куни УХХ раҳбари Василий Малюк полковник Иван Воронич Россия махсус хизматлари агентлари томонидан ўлдирилгани, улар «йўқ қилингани» ҳақида баёнот берди.

У бу ҳақда фейсбукда эълон қилинган видеода маълум қилган. Малюкнинг сўзларига кўра, ФХХ ходимларини қўлга олиш учун ўтказилган «махсус амалиёт вақтида» улар қаршилик кўрсатган ва ўлдирилган. Малюкнинг сўзларига кўра, олдинроқ Украинага киритилган бу аёл ва эркак Воронични кузатиб боришган, унинг кун тақвими ва ҳаракат йўналишларини аниқлашган.

Кремл тарафдорлари Вороничнинг ўлдирилишини олқишлади, деб ёзади NYT; улар бу охирги ҳолат эмаслигига умид билдирмоқда.

2014 йилда Украина шарқида ҳарбий ҳаракатлар бошланганидан бери, икки давлат разведка хизматлари ўртасида ўзаро қотилликлар одатий ҳолга айланган, деб ёзади газета.

Нашр муаллифлари Вороничнинг собиқ ҳамкасбига таяниб ёзишича, у маълум вақт давомида бундай ҳужумлар билан шуғулланган махсус бўлимга қўмондонлик қилган. «Бешинчи бошқарма номи билан танилган, МРБдан техник ёрдам олган бу бўлим „Моторола“ лақаби билан танилган россиялик айирмачилар қўмондони Арсен Навловнинг ўлдирилишига масъул бўлган», – деб ёзади NYT.

Газета Воронич Моторолани ўлдириш вақтида ушбу бўлимга раҳбарлик қилганига аниқлик киритмаган.