Тери инсон танасидаги энг йирик аъзо ҳисобланади. У организмни ҳимоя қилувчи тўсиқ, шу билан бирга, ҳароратни сақловчи, сезги узатувчи ва метаболизмда иштирок этувчи мураккаб тузилмадир.
Мазкур органнинг устки қатлами (эпидермис) ҳар 27–30 кунда тўлиқ янгиланади. Бу табиий жараён секинлашиб ёки бузилиб қолмаслиги учун унга тўғри парвариш зарур. Агар тери етарлича тозаланмаса, ўлик ҳужайралар юзада тўпланиб, янгиланган ҳужайраларнинг чиқишига тўсқинлик қилади. Натижада тери хира, ғадир-будир ва носоғлом тусга киради.
Бундан ташқари, эпидермис янгиланиши учун организм ички томондан ҳам керакли озиқ моддалар билан таъминланиши керак: A,C, E витаминлари, омега-3 ёғ кислоталари ва сув миқдори етарлича бўлиши зарур. Ички мувозанат нормада бўлмаса, энг қиммат крем ҳам терини гўзаллаштиришга ёрдам бера олмайди.

Қуйида терининг соғлом, ёш ва тиниқ бўлиши учун аҳамият қаратилиши жоиз бўлган жиҳатларга тўхталамиз:
Тўғри овқатланиш
Овқатланиш одатлари терининг ҳолатига бевосита таъсир қилади. Фаст-фуд, шакарли маҳсулотлар ва зарарли ёғлар терида яллиғланиш жараёнларини кучайтиради, акне, тешиклар кенгайиши ва сарғайиш каби муаммоларга олиб келади.
A,C, E витаминларига бой сабзавот ва мевалар, омега-3 ёғ кислоталари ҳамда сифатли оқсиллар тери ҳужайраларининг янгиланиш жараёнини тезлаштиради. Сабзи, исмалоқ, апелсин, тухум, бодом каби маҳсулотлар эса терига зарур бўлган антиоксидантлар, витаминлар ва минералларни етказиб беради. Айниқса:
- А витамини (сабзи, тухум сариғи, қовоқ) терининг янгиланишини фаоллаштиради;
- C витамини (апелсин, киви, булғор қалампири) коллаген ишлаб чиқарилишини рағбатлантиради;
- E витамини (бодом, кунгабоқар ёғи) эркин радикаллар (танадаги соғлом ҳужайраларга ҳужум қилувчи моддалар)нинг зарарли таъсирига қарши курашади;
- Омега-3 ёғ кислоталари (лосос, зиғир уруғи, ёнғоқ) терининг юмшоқ, силлиқ ва эластик бўлишига кўмаклашади.

Намлик
Тери ҳамиша намликка муҳтож. Кўпчилик уни намлантириш деганда турли крем ва лосёнларни суртишни тушунади. Аслида терининг тўлиқ намланиши танадаги сув мувозанатига боғлиқ.











