Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Жазирамада қандай таомларни истеъмол қилмаслик керак? – СВВ тавсиялари
Ҳаво ҳарорати юқори бўлган кунлар инсон саломатлиги учун жиддий хавфларни келтириб чиқаради. Мазкур даврда организм сувсизланиш, озиқ-овқатдан заҳарланиш ва иссиқликдан ҳолсизланишга мойил бўлади. Нотўғри овқатланиш эса бундай хатарларни янада кучайтиради. Шу сабаб жазирамада истеъмол қилинадиган таомларга алоҳида эътибор қаратиш лозим. Соғлиқни сақлаш вазирлиги экологик дипломатия бўлими бошлиғи Абдуқаюм Тўхтақулов мавзуга оид тавсиялари билан ўртоқлашди.
Мутахассиснинг айтишича, жазирама ҳавода асосан кексалар, ҳомиладорлар, ёш болалар сувсизланиш, иссиқликдан чарчаш ва иссиқ уриши каби ҳолатларга таъсирчан бўлади. Шу сабабли, энг аввало, уларнинг етарли миқдорда сув ичиши ва енгил таомлар истеъмол қилишига эътибор бериш керак. Қолаверса, ҳаво ўта иссиқ бўлган кунлари организм сувсизланишининг олдини олиш учун кун давомида, ҳатто чанқоқ ҳис қилинмаса ҳам организмни сув билан таъминлаш зарур.
Умумий тавсияларга кўра, жазирама кунларда кунига ўртача 2,5-3 литр суюқлик ичиш лозим. Бироқ жисмоний фаоллик ва ҳаво ҳароратига қараб бу миқдор ошиши мумкин. Кўчага чиққанда доимо сув олиб юриш керак.
Оддий тоза сув энг яхши ичимлик ҳисобланади. Муздек сув ўрнига хона ҳароратидаги ёки бироз салқин сувни ичиш афзалроқ. 36-37 даражали илиқ сув организмда метаболизм ва ичак фаолиятини яхшилайди.
Шакарсиз кўк чой чанқоқни бошқа ичимликларга қараганда яхшироқ босади. Шунингдек, гиёҳли чойлар (ялпиз, мойчечак), нордон мевалардан (олча, олма, қорағат, клюква) тайёрланган шакарсиз компотлар (морс), айрон, кефир ва лимон қўшилган сув ҳам фойдали ҳисобланади. Бу ичимликлар организмни минерал моддалар ва витаминлар билан таъминлайди.
Таркибида сув миқдори юқори бўлган маҳсулотлар, масалан, бодринг, тарвуз, қовун гидратацияга ҳисса қўшади. Сут таркибидаги электролитлар туфайли фойдали бўлиши мумкин.
Аммо жазирамада баъзи ичимликларни истеъмол қилишдан сақланиш лозим. Чунки улар нафақат чанқоқни босмайди, балки сувсизланишни кучайтириши ҳам мумкин. Буларга:
- таркибида шакар миқдори юқори бўлган, газланган ичимликлар, қадоқланган шарбатлар;
- алкогол ичимликлар;
- кофеин миқдори юқори бўлган ичимликлар (кофе, баъзи чой турлари, энергетиклар);
- ўта совуқ (муздек) ичимликлар киради.
Бундан ташқари, ўта иссиқ кунларда енгил ҳазм бўладиган таомларни кичикроқ порцияларда ва тез-тез истеъмол қилиш тавсия этилади. Таркибида сув миқдори юқори бўлган мева ва сабзавотларга (тарвуз, қовун, бодринг, селдерей) кўпроқ эътибор қаратиш лозим.
Салатлар, қатиқли овқатлар (масалан, окрошка) ва совуқ шўрва каби салқин таомлар ҳам фойдали. Терлаш орқали йўқотилган тузнинг ўрнини босиш учун бироз тузли таомлар истеъмол қилиш мақсадга мувофиқ. Лекин қайта ишланган ва ўта шўр маҳсулотлардан сақланиш керак.
Овқат ҳазм қилиш жараёнининг ўзи организмда иссиқлик ишлаб чиқаради. Шу сабабли, жазирамада ҳазм бўлиши қийин саналган оғир таомларни истеъмол қилмаслик тананинг ички ҳароратини паст ҳолда сақлашга ёрдам беради.
Оғир, ёғли ва оқсилга бой таомлар (айниқса, қизил гўшт)ни чеклаш зарур. Чунки уларни ҳазм қилиш кўпроқ метаболик иссиқлик ишлаб чиқаради. Балиқ ва сабзавотли оқсиллар енгилроқ вариант ҳисобланади.
Ширинликлар ва хамирли овқатлар ҳолсизлик ҳамда чанқоқ ҳиссини кучайтириши мумкин. Жазирамада чанқатадиган маҳсулотлар, масалан, ўта шўр ёки дудланган гўшт ва балиқ маҳсулотлари, консервалар истеъмолини камайтириш тавсия этилади.
Мавзуга оид
08:20 / 20.05.2026
Ўзбекистон сув истеъмоли юқори давлатлар рейтингига кирди
13:43 / 16.03.2026
Март ойининг иккинчи ярмида табиий газ учун базавий меъёр 50 куб метрни ташкил этади
17:43 / 31.12.2025
Асосий озиқ-овқат маҳсулотларига нисбатан божхона божининг нол ставкасини қўллаш муддати узайтирилди
14:47 / 16.11.2025