Собиқ советлар даврида Ўзбекистон том маънода пахта плантациясига айлантирилганди. Бу давр оқибатлари мустақилликдан кейинги ўн йилликларга ҳам таъсир қилди. Kun.uz ҳамкорлигида тайёрланган ҳужжатли филмда таниқли экспертлар Ўзбекистон қачон ва қандай қилиб пахта етиштирувчи мамлакатга айланиб қолгани, ўзбеклар пахта туфайли қандай азоб-уқубатларга дучор бўлгани, пахтачилик мамлакат хўжалиги ва генофондида қандай асоратлар қолдиргани ҳақидаги саволлар юзасидан фикрларини билдиришган.

Шунингдек, мустақиллик йилларида вазият қандай ўзгариб боргани ва президент Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келган илк йилларда бу муаммога қандай чек қўйгани эслаб ўтилган.

«Пахта уйимизни куйдирди...»

1980 йилда СССРда етиштирилган пахта ҳосилининг 30,1 фоизи, 1987 йилда 31,3 фоизи экспорт қилинади. СССР 1976 ва 1986 йилларда пахта толаси экспорти ҳажмига кўра дунёда мутлақ етакчи бўлади. Шунинг 60 фоизини Ўзбекистон таъминлаб берган.

Камолиддин Раббимов, сиёсатшунос:

«19-асрнинг иккинчи чорагида Россия империяси пахтани асосан Қўшма Штатлардан сотиб оларди. Аммо бир қанча сабабларга кўра Америкадан келаётган пахта таннархи қимматлашиб кетади, қолаверса, транспорт логистикаси йўллари беқарор бўлиб қолади.

Натижада Чор Россияси Ўзбекистон ҳудудида пахта етиштира бошлайди. Айниқса, Фарғона экиш кенг йўлга қўйилади, Америкадан пахта сотиб олиш тўхтатилади»

Бахтиёр Абдуғафур, биология фанлари доктори:

«Туркистонда, хусусан, Ўзбекистон ҳудудларида 20-аср бошларидаёқ пахта етиштириш билан шуғулланилганди. Фарғона водийсида рус, яҳудий ва мусулмон савдогарлари ҳамда тадбиркорлари пахта етишни асосий касб фаолиятига айлантиришган. Пахта анъанавий суғориладиган майдонларда етиштирилган.

Шўролар даврида эса бутун Ўзбекистон ҳудудини улкан пахта хомашё базасига айлантириш сиёсати бошланади»

Отабек Бакиров, иқтисодчи:

«Советлар бошқарувидаги дастлабки ўттиз йилликда пахта етиштириш ҳали экстрактив совет сиёсатининг узвий қисмига айланиб улгурмаганди. Асосий муаммолар урушдан кейинги йилларда пахта етиштиришни каррасига ошириш вазифаси қўйилганидан кейин, пахта етиштириш билан боғлиқ кампания сиёсий мафкура кампаниясига айланганидан кейин бошланган»