Ўзбекистоннинг собиқ раҳбарлари ҳақидаги навбатдаги мақоламиз умрининг сўнгги 35 йилини Россияда ўтказган Рафиқ Нишонов ҳақида бўлади.

Бу шахснинг СССР парчаланиб кетганидан сўнг Ўзбекистонга қайтмагани ва Москвада яшаб қолгани бўйича турли гап-сўзлар тарқалган. Хўш, нега у СССР парчаланиб кетганидан сўнг Ўзбекистонга қайтмаган?

Ўқитувчидан чиққан раҳбар

Рафиқ Нишонов 1926 йилда Бўстонлиқ тумани маркази бўлган Ғазалкент шаҳрида туғилади. У 1942 йилдан бошлаб колхозда меҳнат қила бошлайди. Кўп ўтмай комсомол сафига киради ва шу ташкилотнинг Бўстонлиқ тумани бўлимида ишлайди.

1945-1950 йилларда ҳарбий хизматни ўтайди ва Ўзбекистонга қайтгач, Тошкент шаҳридаги туманларнинг бирида комсомол ташкилотида ишини давом эттиради.

У 1955 йилда Ички ишлар вазирлиги таркибидаги ёнғин хавфсизлиги бошқармасининг сиёсий ишлар бўлими бошлиғи лавозимига тайинланади. Сўнг Тошкент шаҳридаги Октябр тумани партия қўмитаси масъули бўлади. 1959 йилда у шу туман раҳбарига айланади.

Рафиқ Нишонов 1962 йилда Тошкент шаҳар ижроия қўмитаси раиси, 1963 йилда эса Тошкент шаҳри раҳбари этиб тайинланади. У ўша йили Ўзбекистон компартияси марказий қўмитаси бюроси аъзоси бўлади.

Image

Рафиқ Нишонов 1970 йилда СССР ташқи ишлар вазирлигига ишга ўтади ва советларнинг Шри-Ланка ҳамда Малдив оролларидаги элчиси этиб тайинланади.

Ҳозирги пайтда Россия ташқи ишлар вазири лавозимини эгаллаб турган Сергей Лавров ўша пайтда Нишоновнинг қўл остида ишлаган. 1978 йилда Нишонов СССРнинг Иорданиядаги элчиси лавозимига ўтказилади ва у бу ерда 1985 йилгача фаолият олиб боради.

Рафиқ Нишонов Ўзбекистон раҳбари

1985 йил 11 март куни СССР раҳбарлигига Михаил Горбачёв келгач, Нишонов Тошкентга қайтади ва 30 март куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири лавозимига тайинланади.

1986 йилда Нишонов Ўзбекистон олий кенгаши президиуми раиси бўлади. 1987 йилда эса уни СССР олий кенгаши президиуми раиси ўринбосари этиб тайинлашади.

1988 йил январ ойида Ўзбекистон раҳбари Иномжон Усмонхўжаев ишдан бўшатилади, унинг ўрнига Рафиқ Нишонов республика раҳбари бўлади.

Рафиқ Нишоновнинг 1985 йилдан бошлаб амал пиллапояларида тезлик билан юқорига кўтарилишида ўша пайтда СССРни бошқариб турган Михаил Горбачёвнинг ҳиссаси катта.

Рафиқ Нишонов Горбачёв билан дўстона алоқаларга эга бўлган ва шу сабабли орқаваротдан уни «Гобачёвнинг Рафиқи» деб аташган.

Таниқли ўзбек сиёсатчиси Нуритдин Муҳитдинов ўз эсдаликларида Рафиқ Нишонов Горбачёвга жуда содиқ шахс бўлганини ва ўша пайтда Ўзбекистон манфаатларидан кўра Марказ манфаатларини устун қўйганини таъкидлаган.

Image

Фарғона воқеалари: «Бир товоқ қулупнай»

1989 йил 3-12 июн кунларида Фарғона вилоятида қонли ҳодисалар бўлиб ўтади. Вилоятда яшовчи месхети турклар олдиндан режалаштирилган иғволар оқибатида ўзбеклар ҳужумига учрайди.

Ҳодиса содир бўлганда Рафиқ Нишонов ва республиканинг бошқа раҳбарлари Москвада эди. Ҳодиса ҳақида хабар олганидан сўнг Нишонов дарҳол Ўзбекистонга қайтиш ва шошилинч чоралар кўриш ўрнига Москвада қолади ва Халқ депутатлари йиғинида қатнашишда давом этади.

Ўзбекистонга фақат Республика Вазирлар Маҳкамаси раиси Ғайрат Қодиров ва Фарғона вилояти раҳбари Шавкат Йўлдошевни жўнатиб юборади. Ўшанда йиғинда Михаил Горбачёв ҳодиса ҳақида сўраганда Рафиқ Нишонов фожиа кўламини англаб етмасдан ёки камайтириб кўрсатиш мақсадида турли гапларни айтади.

Жумладан, у Горбачёвнинг саволига жавоб бера туриб, Фарғонадаги қонли можаро бир товоқ қулупнай туфайли келиб чиққанини таъкидлайди. У миллати месхети турк бўлган харидор ўзбек сотувчисига қўполлик қилиб, тоғорадаги қулупнайни туртиб юборгани ва оқибатда жанжал бошланганини айтади.

Бу ҳақда у 2020 йилда ЎзАга берган интервюсида шундай эслайди:

«1989 йил, СССР халқ депутатлари биринчи қурултойи сессияларининг иккинчи ҳафтаси давом этаётган эди. 3 июн куни кечқурун меҳмонхонада ҳаётимдаги энг даҳшатли қўнғироқлардан бири янгради. Фарғонада Тошлоқ, Комсомол қишлоқларида, Марғилон шаҳрида фалокат содир бўлганини айтишди. Қароқчиларнинг уюшган тўдаси уйларга бостириб кириб, талон-тарож, шафқатсиз қотилликлар амалга ошириб, биноларни ёқиб юрган экан.

Эрталаб қурултойда ваҳима: нима бўлади, ўйлаб тагига ета олмайман. Горбачёв менга ўгирилиб: «Нима маълум қила оласан», деб сўради. Менда вазиятнинг таҳлили у ёқда турсин, комиссия аъзоларидан ишончли маълумотлар ҳам йўқ эди. Бу ҳақда минбарга чиқмасдан, ўтирган жойимдан айтдим. Кейин маълумотларимга кўра, тартибсизликлар бозорда кучли жанжал – месхети турк ўзбек сотувчиси билан уришиб, бир товоқ қулупнайини ағдариб ташлагани натижасида келиб чиққан, дея қўшимча қилдим. Кейинчалик бу гапим учун мени қаттиқ танқид қилишганди».

Ўшанда Ўзбекистондан ваҳимали хабарлар келишда давом этаверади ва Нишонов фожиа бошланганидан икки кун ўтгач СССР ички ишлар вазири билан бирга Ўзбекистонга қайтади. Бироқ шунда ҳам фожиани жиловлашда сусткашликка йўл қўяди.

Нуритдин Муҳитдиновга кўра, ўшанда Рафиқ Нишонов Ўзбекистон раҳбари сифатида заифлик қилган ва ҳаракатларда сусткашликка йўл қўйган. У Нишоновнинг «бир товоқ қулупнай» ҳақидаги гапларини раҳбар масъулиятсизлиги ва халқ бошига тушган кулфатнинг асл кўламини яшириш деб баҳолаган.

Image

Расмий маълумотларга кўра, ўшанда 100 нафардан ортиқ одам ҳалок бўлади, мингдан ортиқ одам жароҳатланади. Аксарият таҳлилчилар ва замондошлар агар ўшанда Нишонов қатъият кўрсатганда Фарғонадаги фожиа аланга олмасдан уни жиловлаш мумкин эди деб ҳисоблашади.

СССР парчаланиб кетганидан сўнг Фарғона фожиасини Москва уюштиргани ошкор бўлади ва шундан сўнг кўплаб инсонлар месхети туркларга нисбатан адолатсиз ишлар қилинганини англаб етади.

Афсуки, ўшанда ўзбекнинг қон-қонига сингиб кетган «муаммони юқоридагилардан яшириш, унинг кўламини камайтириб кўрсатиш» касаллиги туфайли Фарғона фожиаси ўзбек миллатининг гарданига доғ бўлиб тушади.

Шу ўринда бир муҳим маълумотни келтириб ўтмоқчимиз. Ўшанда месхети турклар ҳамда ўзбеклар ўртасидаги можаро фақат Фарғона вилояти ҳудудида содир бўлади. Бошқа вилоятларда келишмовчиликлар юз бермайди.

Шу сабабли Москва фақат Фарғона вилоятида яшаб келган месхети туркларнинг бир қисмини олиб чиқиб кетади, қолган вилоятларда улар тинч-тотув яшашда давом этади. Бугунги кунда ҳам турли вилоятларда 50 мингдан ошиқ месхети турклар яшайди ва улар Ўзбекистон фуқароси сифатида ватанимиз равнақига ҳисса қўшиб келмоқда.

«Пахта иши» ва Рашидовни қоралаш

Рафиқ Нишонов Ўзбекистон раҳбари бўлган кезда республикада «Пахта иши» қатағонлари давом этаётган ва Гдлян ҳамда Иванов қама-қамаларни давом эттираётган эди.

Ўшанда вазият шу даражага етадики, Москва Ўзбекистон раҳбари Иномжон Усмонхўжаевни ҳам жазолашга қарор қилади. Аввалига уни ишдан бўшатишади. Сўнг СССР олий кенгаши президиуми таркибидан, кейин эса КПСС марказий қўмитаси аъзолигидан чиқаришади. 1988 йил октябрда Усмонхўжаев ҳибсга олинади ва бир қатор жиноятларда айбланади.

Гарчи 1988 йилнинг охирлари ва 1989 йилнинг бошларида СССРда ошкоралик шамоллари эса бошлаган, Болтиқбўйи республикалари мустақиллик талаб қилаётган бўлса-да, Рафиқ Нишонов республика раҳбари сифатида Ўзбекистондаги қатағонларга кўз юмади.

Image

У Москвадан Гдлян ва Иванов бошчилигидаги терговчиларни ортга қайтаришни сўраш ўрнига, уларни қўллайди. Жумладан, мажлисларнинг бирида у «Пахта иши» қатағонларини қўллаб гапиради ва шу жойда «Шарафрашидовшчина» атамасини ишлатади.

Ўшанда Рафиқ Нишоновнинг бу иши Ўзбекистондаги кўплаб фаолларга ёқмайди ва халқ олдида унинг обрўси тушишига сабаб бўлади. Кейинчалик Рафиқ Нишонов ЎзАга берган интервюсида бу ҳақда берилган саволга шундай деб жавоб беради:

«Октябр инқилоби байрами тўғрисидаги маърузам билан Олий Совет Президиумининг раиси сифатида нутқ сўзлар эканман, мен ушбу атамани биринчи марта ўша пайтда Ўзбекистонда, бутун Иттифоқдаги каби бошқаришнинг авторитар услуби ҳукм сурган вазиятни тасвирлаш учун ишлатганман. «Шарафрашидовшчина» ибораси шу қадар кенг қўлланишини ҳеч ўйламагандим. Нутқимни қўллаб-қувватлаганлар, муносабатимга қўшилганлар бўлди. Шу билан бирга «Нима учун мавзуни кескинлаштиряпсиз, бўлиб ўтган ишни эслаш шартми?» деганлар ҳам бўлди».

Рафиқ Нишонов кейинчалик ҳам, ҳатто орадан 30 йил ўтгандан кейин ҳам «Пахта иши» бўйича фикрларини ўзгартирмаган ва ўзбек амалдорларини пора-олди бердисида айблаган. Жумладан, у 2020 йилда ЎзАга берган интервюсида бу ҳақда шундай дейди:

«Aввало, ёвузлик айнан халққа қарши қаратилган, пахтакорларга тўланмаган пуллар ҳам республикада, ҳам Москвада порага ишлатилган, уларга «Волга» автомобиллари, дабдабали қасрлар, тақинчоқлар олинган»

Рафиқ Нишонов шу интервюси давомида Гдлян ва Иванов бошчилигидаги тергов гуруҳини текшириш бўйича комиссия раиси бўлиб ишлаган Вениямин Яриннинг айбланувчилардан юз миллион сўм пул ҳамда тақинчоқлар мусодара қилингани ҳақидаги гапларини келтиради.

Ўзбек халқи Гдлян ва Иванов гуруҳи ўша юз миллион сўм пул ҳамда қимматбаҳо тақинчоқларни қандай қўлга киритганини яхши билади.

Image

Ўшанда улар ҳибсда сақланаётган шахснинг қариндошларига «Фалон пул топиб келсанг, қамоқдаги одамингни озод қиламиз», деб аврашади. Қариндошлар қарз-ҳавола қилиб айтилган пулларни топиб боргандан сўнг, улардан ҳибсдаги шахснинг ўзига қарши ашёвий далил сифатида фойдаланишади.

Умуман олганда Нишоновнинг ўз китобларида ёзган ва интервюларида гапирган гапларидан шуни уқиш мумкинки, у ўзбекистонлик масъул шахсларнинг «Пахта иши» туфайли жазоланишини тўғри иш бўлган деб ҳисоблаган. Буни ҳатто ЎзАга берган интервюсида ҳам англаш мумкин.

Москвага кетиш

«Пахта иши» ва Фарғона фожиасидаги сусткашликлар Ўзбекистонда Рафиқ Нишоновнинг обрўси тушишига сабаб бўлади. Айниқса «Пахта иши» қатағони туфайли халқнинг сабр косаси тўлиб бораётган эди.

Ана шундай шароитда Михаил Горбачёв ўз «Рафиқ»ини Москвага чақириб олади ва уни СССР олий совети миллатлар кенгаши раиси лавозимига қўяди.

1991 йил августда СССР парчаланиб кетгач бу ташкилот ҳам тугатилади ва Рафиқ Нишонов нафақага чиқади. Бироқ у Тошкентга қайтмайди ва Москвада яшаб қолади.

Image

Ислом Каримов даврида Рафиқ Нишонов совет тузумининг ва «Пахта иши» даврининг рамзи сифатида кўрилган ва Ўзбекистонда унга нисбатан сиёсий жиҳатдан совуқ муносабатда бўлинган. Балки шу сабабли у ватанига қайтмаган.

Рафиқ Нишонов Москвада яшаган йилларида бир неча марта Путин томонидан мукофотланган ва орденлар олган. Ўзбекистоннинг собиқ раҳбари умрининг сўнгги дамларини Швейцарияда ўтказади ва 2023 йилда шу ерда вафот этади.