Соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худаяров аҳоли ва соҳа ходимларни тиббиётдаги коррупция, бюрократия ва манфаатлар тўқнашувига қарши кескин курашда фаол иштирок этишга чақирди. ССВ матбуот хизмати вазирнинг мурожаатини эълон қилган.

«Коррупция – давлат ва жамият учун жиддий хавф. Шу боис, юртимизда барча соҳалар қатори соғлиқни сақлаш тизимида ҳам бу иллатга қарши кескин ва муросасиз курашиш, турли бюрократик ҳамда инсон омили билан боғлиқ ҳолатларга барҳам беришга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар амалга ошириляпти.

Албатта, жамоатчиликнинг фаол иштироки ва юртдошларимиз кўмагисиз ушбу мақсад ва марраларга эришиш, тиббиётни коррупциядан холи, тўлақонли халқчил тизимга айлантириш мушкул. Шу сабабли бу йўналишдаги саъй-ҳаракатларимизни бирлаштириш ва ўзаро ҳамкорликда ўз ечимини кутаётган оғриқли муаммоларимизни елкама-елка туриб, самарали ҳал этиш юзасидан сизларга мурожаат қилмоқдаман!

Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганларидек, «Коррупцияга қарши курашиш умуммиллий вазифа, ҳар бир ватанпарвар юртдошимизнинг виждон иши. Коррупцияга “жамият танасидаги саратон” сифатида қараш керак».

Шу маънода, бугун соҳадаги ютуқни – ютуқ, камчиликни – камчилик, деб айтиб, тизимдаги “касалликлар”га тўғри ташхис қўйиб, уларнинг давосини топишга биргаликда ҳаракат қилишимиз зарур.

Аммо, афсуски, ҳали ҳам соғлиқни сақлаш муассасаларида коррупция, бюрократия, тамагирлик, манфаатлар тўқнашуви каби айрим салбий ҳолатлар сақланиб қоляпти. Бу эса тизимдаги ислоҳотлар самарадорлигига путур етказиб, халқимизнинг тиббиётга, фидойи мутахассисларимиз меҳнатига бўлган ишончини заифлаштирмоқда.

Ана шу ҳолатлардан келиб чиқиб, тизимда коррупцияга қарши курашишнинг замонавий механизмларини кенг жорий этишга алоҳида эътибор қаратяпмиз. Соҳа фаолиятида очиқликни таъминлаш, жамоатчилик олдида ҳисобдорликни ошириш бўйича зарур чоралар кўрилмоқда.

Хусусан, қисқа вақт ичида қатор электрон модулларни ўзида жамлаган Ягона тиббиёт ахборот тизими (DMED) яратилиб, амалиётга татбиқ этилмоқда. Шунингдек, “Ситуацион марказ” ташкил қилиниши соҳада бюджет маблағлари мақсадсиз сарфланиши ҳамда коррупция рискларини барвақт аниқлаш ва олдини олишга хизмат қилаётгани билан аҳамиятлидир.

Бинобарин, тиббиёт ходимларини ишга қабул қилишда рақамлаштирилган янги механизм ишга туширилгани ва Бухоро вилоятида тажриба-синов лойиҳаси сифатида жорий этилгани муҳим янгиликлар сирасидан.

Ўз навбатида, соҳа раҳбар-кадрлари бугунги кун талабларидан келиб чиқиб, замонавий менежмент асослари бўйича ўқитилмоқда. Тиббиёт муассасалари ҳисобчиларининг молиявий билим ва кўникмаларини ошириш бўйича ўқув курслари ташкил қилиняпти.