Хитойнинг Shanghai LinkWise Data Intelligence Co компанияси Ўзбекистонда иккита дата марказ қуришни кўриб чиқмоқда.

Хитой компанияси делегациясини энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов қабул қилди. Томонлар Бухоро вилоятида 300 МВт қувватга эга маълумотлар марказини қуриш лойиҳасини амалга ошириш бўйича меморандум имзолади.

Сурхондарё вилоятида ҳам шундай қувватга эга яна бир дата марказ қурилиши режалаштирилган.

Учрашув давомида томонлар Ўзбекистон энергетика соҳасида Хитой компаниялари томонидан амалга оширилаётган лойиҳалар, шунингдек, уларнинг келгуси истиқболларини муҳокама қилди.
Томонлар имзоланган меморандум доирасида лойиҳани амалга ошириш учун барча зарур ишларни тезлаштиришга келишиб олди.













