Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Москвадаги олий мактаб талабаларига ўқишни бошқа олийгоҳларга кўчириш таклиф қилинди
Рособрнадзор Шанинкага аниқланган қонунбузарликлар туфайли иккинчи билдиришнома тақдим этди ва энди университет аккредитацияси бекор қилинишини кутмоқда.
Москва ижтимоий-иқтисодий фанлар олий мактаби (Шанинка) талабаларига бошқа университетларга ўтиш тавсия қилинди, чунки раҳбарият Рособрнадзор томонидан кучайиб бораётган босим остида аккредитация бекор қилинишини кутмоқда. Бу ҳақда талабалар билан бўлиб ўтган учрашувда университет ректори Мария Сигова маълум қилди, деб ёзади "Гроза" нашри университетдаги икки манба ва учрашув қайдномасига таяниб.
2024 йил ноябр ойида университетда ўтказилган режадан ташқари текширувдан сўнг, Шанинкага аниқланган қонунбузарликлар сабаб, ҳар қандай дастурларга янги талабаларни қабул қилиш тақиқланган эди. Шундан сўнг, Рособрнадзор яна бир текширув ўтказди ва университетга иккинчи билдиришнома тақдим этди, деди Сигова талабаларга. «Иккинчи билдиришнома тақдим этилгани аккредитациямиз тўхтатилиши мумкинлигини билдиради», — деди ректор.
Университет Рособрнадзорнинг биринчи қарорига судда эътироз билдирмоқчи бўлди, бироқ ютқазди, шундан сўнг апелляция шикояти берди. Дастлабки суд мажлиси 31 июлга белгиланган. «Бу қанчалик истиқболли эканини айтиш қийин. Рособрнадзор билан судда ғалаба қозонишимизга унчалик ишонмаймиз», — дея тан олди Сигова талабаларга.
Унинг фикрича, аккредитация барча дастурлар учун ёки фақат университет текширувдан ўта олмаган дастурлар учун бекор қилиниши мумкин: психология (бакалавр ва магистратура), социология (бакалавр), менежмент (бакалавр). Сигованинг сўзларига кўра, агар шундай бўладиган бўлса, сентябр ёки октябр ойининг бошида университет аккредитациядан маҳрум бўлади. Сигова, шунингдек, агар Рособрнадзор иккинчи билдиришномани бекор қилмаса, университетнинг таълим лицензияси тўхтатилишини истисно қилмади. Шу фонда талабаларга бошқа университетларга ўтиш таклиф қилинди ва бунинг учун ўттиз кун вақти борлиги тушунтирилди. Университет раҳбарияти ўқишни кўчиришга «қўлидан келганича» ёрдам беришга ваъда қилди.
Мавзуга оид
08:51
Москва яқинидаги НҚЗга ҳужумдан сўнг “нефт ёмғири” кузатилди
15:18 / 15.06.2026
Кучли ёғингарчилик туфайли Россия ҳудудларини сув босди – фотолар
11:33 / 10.06.2026
Педагогика талабалари учун ташқи диагностика жорий этилади
09:28 / 16.05.2026