Қурилиш секторида фирибгарлик ҳолатларининг авж олиб кетиши фонида Ўзбекистонда ҳам эскроу тизимига ўтилди. Бу амалиёт истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишдаги катта бўшлиқни тўлдириши керак. Ўз навбатида уй-жой нархининг янада тез ошиб кетиши билан боғлиқ хавотирлар ҳам йўқ эмас. Бу қанчалик асосли?
2025 йил 1 июлдан бошлаб, улуш киритиш асосидаги қурилишларда қурувчи ва харидор ўртасидаги олди-бердининг шакли ва мазмуни ўзгарди. Бунда, ҳали битмаган уйдан квартира сотиб олмоқчи бўлганлар қурувчининг ўзига эмас, банкка тўлов қилади. Қурувчилар ва банклар ўзаро келишув асосида банкда эскроу ҳисобварағини очади, улушдорлар тўлаган пуллар шу ҳисобварақда йиғилади. Уй битмагунча қурувчи компаниялар бу пуллардан фойдаланолмайди. Бу тартиб 31 декабргача ихтиёрий бўлади ва агар керакли қонунлар вақтида қабул қилинса, 2026 йил 1 январдан мажбурий кучга киради.
Эскроу тизими нега жорий этилди?
Кўп ҳолларда уйларни топшириш муддати кечикиб, аҳоли тўлаган пуллар «музлаб» тургани, шартномалар асосан қурувчи манфаатига хизмат қилаётгани охирги йилларнинг энг оғриқли муаммоларидан биридир. Бунда тўгридан тўғри битимлар деярли суғурталанмаяпти. Мижозлар қурилиш корхонасининг «чин сўзига» ишониб, катта миқдордаги маблағларни уларнинг қўлига топшириб қўйяпти. Яъни бу борада истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда катта бўшлиқ бор эди. Айнан фирибгарлик билан боғлиқ ҳолатлардан мижозларни ҳимоя қилиш усули бор – эскроу тизимидир. Бу дунё амалиётида синовдан ўтган яхши тажриба.
Масалан, 2019 йил ёзидан бошлаб Россия қурилиш соҳасида ҳам ушбу тизимга ўтилди. Қурилиш корхоналари улуш киритиш асосидаги шартномалардан эскроу ҳисобрақами асосидаги молиялаштиришга ўтди. Чунки Россияда ҳам қурувчи билан тўғридан-тўғри шартнома имзолаб, кейинчалик, компаниянинг ўз мажбуриятини бажармаслиги оқибатида минглаб одамлар пулига куйиб қолаётган ҳолатлар фалокатли даражада кўпайиб бораётганди. Эскроу тизими жорий этилгач, бу ҳолатларга деярли барҳам берилди.
Уй нархлари ошиб кетадими?
Эскроу тизими билан боғлиқ энг катта хавотир – уй-жой нархининг янада тез ошиб кетиши билан боғлиқ. Хусусан, 17 июль куни ташкил этилган қурилиш соҳаси вакиллари билан очиқ мулоқотда Қурувчилар ассоциацияси раиси Мансур Ниёзмуҳамедов эскроу ҳисоблари оммавий жорий этилганидан кейин қурувчилар айланма маблағ етишмовчилиги муаммосига дуч келиши мумкинлигини кун тартибига олиб чиқди






