Kun.uzʼга келиб тушган видео ва фотоларда акс этишича, бир неча ўнлаб муҳожирлар тик турган ҳолатда панжара ортида сақлаб турилибди. Маълум бўлишича, Москва шаҳри, Даниловский туманида Павелецкая кўчасида жойлашган мигрантлар ётоқхонасига 4 август куни эрта тонг, тахминан 04:00 лар атрофида ҳарбийлар гуруҳи бостириб кириб, тинтув ўтказган ҳамда текширувлар олиб борган. Рейд чоғида муҳожирларнинг маълумот ва ҳужжатлари текширилган. 100 дан ортиқ мигрантлар ҳарбийларнинг савол-жавобидан ўтиб, уларнинг ярмидан кўпи олиб кетилган.

“Эрталаб соат 04:00 лар чамаси бирдан бостириб киришди, у ер ўзбеклар ва тожиклар ётоқхонаси эди. Яшаётганларнинг деярли ҳаммаси қурилишда ишловчилар. Ярмидан кўпини эса зўрлик ишлатиб олиб кетишди, орадан бир неча соат ўтиб кетдики, уларни қўйиб юборишгани йўқ, ўз кўзим билан узоқдан кузатиб турибман”, дейди шахсий маълумотлари сир сақланишини истаган юртдошимиз.

Kun.uz вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида Ўзбекистон ТИВ орқали Россиядаги дипломатик корпус вакилларига сўров жўнатди. Вазирлик расмий вакили Аҳрор Бурхоновга кўра, ТИВ вазиятдан хабардор ва Москвадаги элчихона, тегишли идоралар билан алоқада бўлиб турибди.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 11 апрелида Москвадаги асосан қирғизлар бўлган «Бодрост» ҳаммомида кучли рейд ўтказилиб, у ердагилар полда эмаклашга мажбурланганди. Шундан сўнг Қирғизистон ТИВ Россия элчисига нота топширди.

Шу йилнинг 28 январ куни эса Қозон шаҳридаги Марказий бозорда Россия куч тузилмалари рейд ўтказиб, Ўзбекистон фуқароларига куч ишлатган эди.