Жаҳон | 11:42 / 05.08.2025
4267
2 дақиқада ўқилади

Украинада Луханск вилояти маъмурияти собиқ раҳбари Сергей Гайдай ҳибсга олинди

Луханск вилояти ва Карпаторти вилояти Мукачево туманининг собиқ раҳбари Сергей Гайдай Украинада икки ойга ҳибсга олинди. У учувчисиз учоқлар ва радиоэлектрон уруш ускуналарини оширилган нархларда сотиб олиш бўйича коррупцион схемада айбланган.

Фото: AP

Украина Олий аксилкоррупция суди Луханск вилояти давлат маъмурияти (ВДМ) собиқ раҳбари Сергей Гайдайни икки ойга ҳибсга олди. Бу ҳақда 4 август, душанба куни Киевдан DW мухбири хабар берди.

Суд ҳукмига кўра, Гайдай 10 миллион гривна (тахминан 2,1 миллион евро) гаров эвазига озод этилиши мумкин. Адвокатлар эҳтиёт чораси устидан шикоят қилишга ваъда берди, чунки уларнинг фикрича, гаров собиқ амалдорнинг даромадига мос эмас.

Гайдай 1975 йилда Луханск вилоятида туғилган. Хмелницкийда таҳсил олган, Киевда ишлаган. 2019-2023 йилларда у Луханск вилояти давлат маъмуриятини бошқарган. 2024 йилнинг март ойида у Украина ғарбидаги Карпаторти вилоятининг Мукачево тумани раҳбари этиб тайинланган.

2 август куни амалдор Коррупцияга қарши курашиш миллий бюроси ва Украина ихтисослаштирилган антикоррупция прокуратураси ходимлари томонидан қўлга олинган. У учувчисиз учоқлар ва радиоэлектрон уруш ускуналарини оширилган нархларда сотиб олиш бўйича коррупцион схемага алоқадорликда гумон қилинмоқда. 3 август куни Гайдай Мукачево маъмурияти раҳбари лавозимидан озод этилди.

Гайдай ўз айбини рад этди. У «ҳеч қаерга қочиб кетмоқчи эмаслигини» ва «буларнинг барчаси тугагач, фронтга кетишини» айтди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид