Ижара бозори – Ўзбекистонда умуман тартибга солинмаган, палапартиш соҳа. Одатда ижарага уй олиш учун одамлар ёки интернетдаги эълонларни қараб чиқади, ёки уйма-уй юриб қидиради ёки маклер-риэлторларга мурожаат қилади. Ўртакашлар эса уй ижараси баҳосининг 50%и миқдорида хизмат ҳаққи олиб, 1 сўмини ҳам давлатга солиқ қилиб тўламайди. Kun.uz бозордаги вазиятни билиш учун ижарачиларга қулоқ тутди.
Ўзбекистонда ижарага уй олиш учун аксарият ҳолларда хонадон эгалари билан гаплашиб олган риэлтор ва маклерларнинг олдидан ўтишингизга тўғри келади. Ўзингиз топаман десангиз, жуда кўп вақтингизни йўқотасиз. Ўртакаш риэлтор ва маклерлар эса уй излаб юрганларга ўлжа кўзи билан қарайди.
Айниқса, пойтахт Тошкентда борган сари ижарага уй топиш муаммо: нархлар қиммат, хонадон эгалари инжиқ, ижарачиларнинг эса моддий аҳволи ачинарли.
Чилонзор туманидаги уй-жой бозорида турганларнинг 90%и риэлтор ва маклерлар. Энг қизиғи, уларнинг ичида ҳали 18 ёшга тўлмаганлари ҳам бор. Яна бири эса шу бозорда туғилиб, катта бўлганини айтади.
Аёллар, кексалар, ишсиз бекорчилар ҳам шу бозорда маклерга айланиб олишган. Камераларни кўрган бу айёрлар дарров меҳр-мурувват фаришталарига айланиб олишди, “камбағаллар учун текинга уй топиб берамиз”, деганлар ҳам бўлди.
“Қийналиб қолган оила келиб, уй сўради. Текинга ҳам жойлаштириб бердик, лекин баъзи маклерлар айтган 50% ни олади, кўчада ўтирган ҳеч қаердан рўйхатдан ўтмаган ўртакашлар эса уй эгаси рақамини олиб олган. Мижозни кўчадан илинтиради ва ҳаттоки, уйни кўрсатиш учун олиб борган йўлкира ҳаққини ҳам ижарачилардан ундиради. Ҳеч қандай ҳужжат йўқ, қандайдир муаммо бўлса, пулини ҳам қайтариб ололмай қолади”, дейди маклерлардан бири.
Ижара тизимининг тартибга солинмагани оқибатларидан бири хоҳлаган одам бу жойга келиб, уй таклиф қилиши, ижарачидан эса уй нархининг 50% миқдорида ўртакашлик пули олиши мумкин. Олган даромадидан эса бир тийин ҳам солиқ тўламайди.
Шу кеча-кундузда аҳоли сўровига биноан нормал-шарт шароитларга эга стандарт уйлар – 400-450 АҚШ доллари. Дарвоқе, уй бозорида ҳеч ким миллий валютада нарх айтмайди, фақат чет эл валютасида савдолашасиз.
Талабаларга ижара уйлари – алоҳида мавзу. Деярли, ҳеч ким талабага уйини бермайди, берганлар ҳам шарт-шароитсиз, кўримсиз, файзсиз уйини шу талабаларга пуллайди.
“Тўрт кундан бери уй излайман, шунча вақтим кетяпти. Мана, ўқиш бошланишидан 1 ой аввалдан келиб қидиряпман, уй йўқ. Айтилаётган нархлар жуда қиммат, талаба ўлароқ тўлаш имконимиз йўқ. Маклерлар эса 50% сўрайди, ҳаттоки олдин бериб юборилган уйларни ҳам таклиф қилиб, бизни овора қилишяпти”,














