Жамият | 12:01 / 08.08.2025
2744
2 дақиқада ўқилади

Новосибирскда мушкул аҳволда қолган уч киши Ўзбекистонга қайтарилди

Мамлакат Бош консулхонаси ва Миграция агентлиги ходимлари кўмагида Новосибирск шаҳрида мушкул аҳволда қолган уч нафар фуқаро "Ватанга қайтариш" номли хайрия акцияси доирасида оиласи бағрига қайтарилди.

Фото: Дунё

Бош консулхона томонидан ватандошларга Ўзбекистонга қайтиш учун сертификатлар расмийлаштирилди. Улар Uzbekistan airways авиакомпанияси самолёти билан Ўзбекистонга кузатиб қўйилди.

30 июл – Бутунжаҳон одам савдосига қарши курашиш куни муносабати билан Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги, Бандлик вазирлиги, Миграция агентлиги, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамда ҳуқуқ-тартибот идоралари билан ҳамкорликда жорий йил 30 июлдан 30 августгача "Ватанга қайтариш" номли хайрия акцияси ўтказилмоқда.

Акция доирасида хорижий давлатларда мушкул аҳволда қолган Ўзбекистон фуқароларини ватанга қайтариш ва уларни самарали реинтеграция қилиш ишлари амалга ошириляпти.

Биринчи навбатда, Туркия, Россия, Қозоғистон, БАА, Саудия Арабистони, Ҳиндистон, АҚШ ва Жанубий Кореяда депортация марказларида сақланаётган аёллар ва болалар Ўзбекистонга олиб келинмоқда.

Ўзбекистоннинг хорижий давлатлардаги элчихоналари ва Бош консулхоналари чет эл давлатларнинг депортация марказларида сақланаётган ватандошларни аниқлайди ва улар ҳақидаги рўйхатни Миграция агентлигига тақдим этади.

Фуқаро Миграция агентлигига тўғридан тўғри мурожаат қилган тақдирда, агентлик ходимлари 1-2 соат ичида улар билан боғланади ҳамда аризани масофавий тарзда қабул қилади. Ариза бир кун ичида кўриб чиқилади ва икки кун муддатда йўл чиптаси олиб берилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид