Дин Ҳендерсон – пеналтилар серияси қироли.

Англия суперкубоги, 10 август, «Уэмбли»
«Кристал Пэлас» – «Ливерпул» 2:2, пеналтилар серияси – 3:2.
Голлар: Матета (17, пеналти), Сарр (77) – Экитике (4), Фримпонг (21).
«Кристал Пэлас» – Ҳендерсон, Ричардс, Лакруа, Геҳи (Девенни, 90+4), Мунйос, Камада (Ҳюз, 29), Уортон (Лерма, 85), Митчелл (Соса, 79), Сарр, Эзе, Матета.
«Ливерпул» – Алиссон, Фримпонг, Конате, ван Дейк, Керкез (Робертсон, 84), Жонс (Эндо, 71), Собослаи, Виртц (Эллиот, 84), Салоҳ, Гакпо, Экитике (Макаллистер, 71).
Огоҳлантиришлар: Конате (43), Виртц (44), Салоҳ (87).

Европада футбол мавсуми ниҳоят очилди! «Ливерпул» ва «Кристал Пэлас» Англия Суперкубоги учун «Уэмбли» стадионида куч синашди.

Бу ўйинда барчанинг эътибори «Ливерпул»га қаратилганди. Мерсисайдликлар мавсумлар оралиғида трансферлар учун 300 миллион евродан ортиқ маблағ сарфлади — бу клуб тарихидаги мисли кўрилмаган трансферлар ойнаси бўлди ва барча даврлардаги мутлақ рекорд ўрнатилди. Бундай харажатдан кейин бетараф мухлислар учун ҳам бундан қандай натижа бўлишини кўриш қизиқ эди.

Жамоа бош мураббийи Арне Слот майдалашиб ўтирмади ва барча янги футболчиларни бошланғич таркибга киритди. Ҳимоя қанотларига Милош Керкез (унинг учун 47 миллион евро тўланган) ва Жереми Фримпонг (40 млн евро), ҳужум марказига Юго Экитике (95 млн евро), майдон марказига эса энг юлдуз дебютант — Флориан Вирц (125 млн евро) ташланди.

Кўпчилик томонидан Англияда яхши ўйнаб кетишига шубҳа билдирилган Экитике эса тўртинчи дақиқадаёқ ҳисобни очди. Француз футболчиси чап қанотда Вирц билан девор услубида ўйнаб, ундан тўпни қабул қилиб олгач, марказ томон юрди ва жарима майдони ташқарисидан туриб, ерлатиб аниқ зарба йўллади, «Кристал Пэлас» дарвозабони Дин Ҳендерсон бу зарба қаршисида ожиз қолди.

Тезкор гол лондонликларни тўпни олиб, олдинга ўтишга мажбур қилди. 15-дақиқада мерсисайдликлар ҳимоячилари офсайд чизиғини ҳосил қилишда хато қилди ва Матета Алисон билан яккама-якка вазиятга чиқиб кетди, дарвозабон хавфни бартараф этди, аммо тўп Саррга келиб тушди, уни эса Виржийл ван Дейк жарима майдони ичида йиқитди – ҳакам 11 метрлик жарима зарбаси белгилади. Матета совуққонлик билан кучли зарба йўллаб, ҳисобни тенглаштирди.

Гол «бургутлар»ни илҳомлантириб юборди – кейинги дақиқаларда яна бир неча хавфли ҳужумлар уюштирилди. Аммо «Ливерпул» кутилмаганда ўйинни ўзгартириб юборди – 21 дақиқада жамоанинг яна бир янги футболчиси Фримпонг ўнг қанотдан ҳужум уюштирди, у катта эҳтимол билан тўпни жарима майдони марказига узатмоқчи эди, бироқ тўп траекторияси кутилмаган тарзда ўзгариб, дарвоза тўрига бориб тушди.