Жаҳон бозорларида нефт сезиларли арзонлашганига қарамай, Ўзбекистонда бензин нархлари янги рекордларни янгилаяпти. Иқтисодчи Отабек Бакиров шундай шароитда худди пахта нархини жаҳондаги нархлар билан боғлаган каби, АИ-92 бензини нархини ҳам Brent нефти нархига боғлаб қўйишга чақирди.

11 август куни “Ўзбекнефтгаз” компанияси “АИ-92 бензини нархи арзонлаштирилди” деган сарлавҳали баёнот тарқатди.

Баёнотда Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида ишлаб чиқарилган АИ-92 русумли автобензиннинг биржа савдоларидаги бошланғич нархи тоннасига 12 млн 881 минг сўмдан 12 млн 628 минг сўмгача ёки 2 фоизга туширилгани айтилган.

“Бу, ўз навбатида, 1 литр АИ-92 маркадаги автобензиннинг биржадаги бошланғич нархи 9 400 сўм дегани”, дейилади компания хабарида.

“Ўзбекнефтгаз” юқори октанли ёқилғи нархларини босқичма-босқич пасайтириш ишлари давом эттирилишини билдирган.

“Чалғитувчи рақам”

Товар-хомашё биржаси 11 август кунги савдолар ҳақида ҳали ахборот бермади. 8 августдаги савдолар бўйича бугун жойланган ахборотга кўра, жума куни биржада АИ-92 бензинининг ўртача нархи бир кун олдингидан 2 фоизга ошиб, 13 млн 314 минг сўмга етган. Бу – нарх рекорди яна бир бор янгиланганини кўрсатади.

Иқтисодчи Отабек Бакировнинг эътибор қаратишича, биржада АИ-92 август ойи бошидан бери 4,7 фоизга қимматлаган. Бу маркадаги бензин баҳоси очиқ эълон қилина бошлаган 2024 йил 4 ноябрдан буён эса нархлар 12,6 фоизга ошган. Бу даврда Brent типидаги олий навли нефт нархи 22,4 фоизга арзонлаган, доллар курси эса деярли ўзгармаган.

Шунингдек, Бакиров бир қатор омиллар сабаб АИ-92 бензини баҳоси “Ўзбекнефтгаз” эълон қилгани каби ҳар бир литри учун 9 400 сўм эмас, балки ундан анча қимматроқ бўлади, деб ҳисоблаяпти. Бунда иқтисодчи бензин биржада литрлаб эмас, тонналаб сотилиши, транспорт харажатлари, истеъмол солиғи, АЁҚШларнинг ички чиқимлари ва фойдаси каби омиллар сабаб нарх 10 600 сўм атрофида шаклланишини прогноз қилди ва расмийлар айтаётган 9400 сўмни чалғитувчи рақам деб атади.