Июн ойининг охирларида ижтимоий тармоқларда Тошкентнинг қоқ марказида жойлашган Grand Mir (собиқ «Россия») меҳмонхонаси ўрнида 30 қаватдан юқори бўлган бизнес ва савдо марказлари қурилиши ҳақидаги хабарлар тарқалди.

Июл ойининг ўрталарида блогер Никита Макаренко Grand Mir ходимларига таяниб, сентябр ойидан бошлаб меҳмонхона бузилиш учун ёпилаётганини маълум қилди. Дастлаб лойиҳанинг бош пудратчиси сифатида Koç Construction номи тилга олинганди, аммо компания айни пайтда қурилиш ишларига алоқаси йўқлигини билдирди.

Лойиҳанинг архитектура концепциясини ишлаб чиқаётган Design Factory компанияси вакили Шавкат Абдуллаев Podrobno.uz’га берган изоҳида Grand Mir’ни бузиш сентябр ойига режалаштирилганини ва йил охиригача якунланишини тасдиқлади.

«Лойиҳа аллақачон тасдиқланган, унинг доирасида 30 қаватли бизнес маркази ва иккита қўшимча бино қуриш режалаштирилган. Амалга ошириш муддати — икки-уч йил», деган Абдуллаев.

Spot’нинг вазиятдан хабардор манбага таяниб ёзишича, Grand Mir ўрнида бинолар мажмуасини қуриш лойиҳаси аллақачон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Республика архитектура-шаҳарсозлик кенгашига келиб тушган. Тошкент шаҳар ҳокимлиги ушбу лойиҳага алоқадорлигини рад этган бўлса, Яккасарой тумани ҳокимлиги бино шахсий мулк бўлгани сабабли тадбиркорнинг ишига аралаша олмаслигини билдирган.

Booking.com сайтида 26 августдан бошлаб Grand Mir хоналарини брон қилиш имкони мавжуд эмас