Жанубий Кавказдаги геосиёсий жараёнлар Ўзбекистон учун ҳам стратегик аҳамият касб этади. Зангезур коридорининг очилиши Марказий Осиё учун Россия ва Эрон йўлларига муқобил хавфсиз транзит имконини беради. Kun.uz'нинг “Геосиёсат” дастурида мавзу юзасидан профессор Фарҳод Каримов шарҳи.

— Озарбойжон ва Арманистон тинчлик келишувига яқинлашгани Жанубий Кавказ минтақаси учун қандай геосиёсий аҳамиятга эга?

Фарҳод Каримов: Вашингтонда имзоланган меморандум минтақада янги сиёсий муҳит шаклланаётганидан ва АҚШнинг Жанубий Кавказга фаол кириб келаётганидан далолат беради. 8 август куни Пашинян ва Алиев учрашувида тинчлик шартномаси муҳокама қилинди ва душанба куни унинг лойиҳаси тақдим этилди. Ҳужжат 17 банддан иборат бўлиб, асосий пунктлар қуйидагилар: собиқ СССР парчаланишидан олдинги чегараларни расмий тан олиш, демаркация ва делимитация жараёнларини якунлаш ҳамда ҳудудий масалаларни ёпиш.

Энг муҳим бандлардан яна бири – Зангезур коридорида АҚШ иштирокини белгилаш. Арманистон юрисдикцияси билан тартибга солинадиган бу ҳудудда 99 йил давомида АҚШ компаниялари инвестиция киритиб, коридорни бошқаради. Бу эса геосиёсий муҳитни тубдан ўзгартиради.

Эрон учун бу жуда ноқулай, чунки ҳозиргача Озарбойжон билан Нахичивон ўртасида қуруқлик алоқаси фақат Эрон ҳудуди орқали ўтади. Энди эса Эрон ва Арманистон чегараси бўйлаб, Нахичивонни Озарбойжон билан боғлайдиган 38 км йўл АҚШ назоратига ўтиши – Эроннинг ролини камайтиради. Шу билан бирга, Марказий Осиё, Хитой ва Ҳиндистон учун Ўрта коридорда янги алтернатив йўл пайдо бўлади. АҚШ бу орқали Хитойнинг Европага чиқадиган асосий савдо йўлагини назоратга олиш имкониятига эга бўлади.

Аляскада бўлиб ўтадиган Россия ва АҚШ президентлари учрашувида бу масала ҳам савдолашув предмети бўлиши кутилмоқда. Россия эҳтимол Украина бўйича ўзига мақбул келишув эвазига Жанубий Кавказдаги манфаатларидан воз кечишга мажбур бўлиши мумкин. Шунингдек, АҚШ томонидан Россияга Эрон билан ҳарбий иттифоқ тузмаслик талаби ҳам кўрилиши эҳтимолдан холи эмас.

— Кавказдаги ўзгаришлар Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон манфаатларига қандай таъсир кўрсатади?

Фарҳод Каримов: Зангезур коридори Марказий Осиё, хусусан Ўзбекистон учун стратегик аҳамиятга эга. У янги алтернатив транзит йўлини очади. Ҳозирга қадар минтақа асосан шимолий йўналиш – Россия орқали ташқи бозорларга чиқарди. Украина-Россия можароси бу йўл имкониятларини қисқартирди.