Ўзбекистон | 11:00 / 22.08.2025
9599
2 дақиқада ўқилади

Соғлиқни сақлаш вазирига янги биринчи ўринбосар тайинланди

Алишер Бобоев соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари этиб тайинланди. У бунга қадар Қашқадарё вилояти ССБ бошлиғи сифатида ишлаб келаётганди.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Президент қарори билан Алишер Шукруллаевич Бобоев соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари этиб тайинланди, дея хабар бермоқда вазирлик матбуот хизмати.

Алишер Бобоев 1996 йилда Тошкент давлат тиббиёт институтини тамомлаб, ушбу олий ўқув юртининг клиник ординатура йўналишида таҳсил олган. Меҳнат фаолиятини 1998 йилда Тошкент давлат тиббиёт институтида катта лаборант сифатида бошлаган.

Турли йилларда Тошкент фармацевтика институти тиббий биологик фанлар кафедраси катта лаборанти, Олмазор тумани кўп тармоқли марказий поликлиникаси, 1-сонли Республика клиник шифохонаси маслаҳат-диагностика поликлиникаси ҳамда Республика клиник шифохонаси урология бўлими сингари қатор муассасаларда шифокор-уролог, Соғлиқни сақлаш вазирлиги котибиятида бош мутахассис каби лавозимларда ишлаган.

II даражали «Саломатлик» ордени билан тақдирланган Бобоев тайинловга қадар Қашқадарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи сифатида фаолият юритиб келаётганди.

Эслатиб ўтамиз, вазирнинг олдинги биринчи ўринбосари Алишер Шодмонов 2024 йил сентябрида узоқ муддатли даволаниши муносабати билан меҳнат таътилига чиққанди.

Шундан кейин соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари вазифасини вақтинча бажариш Даврон Тоҳирович Султонов зиммасига юкланганди. У эса 2025 йил майида президент раислигидаги йиғилишда ишдан олинди.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид