27 август куни АҚШ президенти Доналд Трампнинг Ҳиндистондан импорт қилинадиган маҳсулотларга тарифларни икки баравар ошириб, 50 фоизгача етказиш қарори кучга кирди. Ҳиндистоннинг Россия нефтини харид қилгани учун жорий этилган 25 фоизлик жарима тарифи Трампнинг аввалги 25 фоизлик тарифига қўшилди. Натижада кийим-кечак, қимматбаҳо тошлар ва заргарлик буюмлари, оёқ кийим, спорт анжомлари, мебель ва кимё маҳсулотлари каби товарларга умумий божлар 50 фоизгача чиқди.

Reuters’нинг ёзишича, бу чора XXI аср бошидан буён стратегик ҳамкор бўлиб келаётган икки давлат ўртасидаги алоқаларга жиддий зарба берди. Шунингдек, бу АҚШ томонидан қўйилган энг юқори тарифлардан бири бўлиб, Бразилия ва Хитой даражасига тенглашади.

Янги тарифлар Ҳиндистондаги минглаб кичик экспортчилар ва иш ўринларига хавф солмоқда, жаҳоннинг энг тез ўсаётган иқтисодиётининг ўсишига ҳам зарба бериши кутилмоқда.

Фото: Getty Images

Ҳиндистон Савдо вазирлиги ҳозирча янги ишга тушган божлар бўйича изоҳ бермади. Бироқ вазирлик расмийсининг анонимлик шарти билан айтишича, тарифлардан зарар кўрган экспортчилар молиявий ёрдам олади ва Хитой, Лотин Америкаси ҳамда Яқин Шарқ каби янги бозорларни ўрганишга ундайди.

Таҳлилчиларга кўра, тарифларнинг зарбаси оғир бўлса-да, агар Ню-Деҳли иқтисодиётни янада ислоҳ қилиб, протекцион сиёсатдан воз кечса ва Вашингтон билан инқирозни ҳал қилишга интилса, вазият яхшиланиши мумкин.

Reutersʼнинг ёзишича, Ҳиндистондан АҚШга белгиланган муддатгача жўнатилган ва йўлда бўлган товарларга уч ҳафталик истисно берилди. Шунингдек, 232-бўлим миллий хавфсизлик савдо қонунига биноан алоҳида тарифлар қўйилган пўлат, алюминий ва уларнинг ҳосилалари, енгил автомобиллар, мис ва бошқа товарлар ҳам бундан мустасно қилинди.

Юзлаб миллиардлик савдо айланмаси

Ҳиндистон савдо вазирлиги маълумотларига кўра, АҚШ импортларига ўртача тариф 7,5 фоизни ташкил қилади. АҚШ Савдо вакили идораси эса Ҳиндистон томонидан айрим автомобилларга 100 фоизгача, АҚШ қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига эса ўртача 39 фоизлик бож қўлланишини қайд этган.