Мулоқот чоғида туризм ва спорт соҳасидаги Ўзбекистон-Полша ҳамкорлигининг устувор йўналишлари юзасидан фикр алмашилди. Суҳбатдош туризм Полша иқтисодиётининг асосий тармоқларидан бири эканлигини таъкидлади. Айни пайтда унинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши қарийб 5 фоизни ташкил этса, Полша томони 2030 йилга бориб бу кўрсаткични 10 фоизга етказишни мақсад қилиб қўйган.

Пётр Борис, шунингдек, 2025 йил бошидан буён Ўзбекистонга 8 мингдан ортиқ поляк сайёҳлари борганини билдирди ва бу рақамларни янада ошириш учун имкониятлар борлигини қайд этди.

Томонлар икки мамлакатда сайёҳлик кўргазмалари, реклама ва маданий тадбирларни ўтказиш орқали ўзаро туризмни тарғиб қилиш, туризм ва спорт соҳаларида идоралараро маслаҳатлашувларни йўлга қўйиш муҳимлигини таъкидлади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон ва Полша волейбол федерациялари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш, футбол бўйича Ўзбекистон ва Полша миллий терма жамоалари ўртасида ўртоқлик учрашувларини ташкил этиш, шунингдек, Самарқанд–Краков йўналишида авиақатновларни очиш каби таклифлар музокараларнинг асосий мавзуси бўлди.