Азизлар, бугун қизиқ мавзу ҳақида гаплашамиз. Асосий қаҳрамон – Ким Чен Ин бўлади. Ким Хитойга кўчма ҳожатхона билан боргани ва қўли теккан буюмлар тозалаб чиқилгани у ҳақдаги эски афсоналар қайталанишига сабаб бўлди.
«Жанобнинг бирор излари қолмасин!»
Яқинда Хитойда ҳарбий парад ўтказилди. Хитой Америкага ўз қуролларини кўз-кўз қилишига бағишланган параднинг икки асосий меҳмони Россия президенти Путин ва унинг дўсти, Шимолий Корея лидери Ким Чен Ин бўлди. Жаноб Ким ўзи бир қашшоқ давлат раҳбари бўлса-да, шунчалик уникал шахски, ҳар қандай сиёсий раҳбар унинг соясида қолади. Масалан, бир саҳнага Россия, Америка, Хитой раҳбари ва Кимни чиқариб кўринг. Анави учовининг нима қилаётганига ҳеч кимнинг иши бўлмайди, лекин Ким нима қилаётганини ҳамма диққат билан кузатади. Чунки у дунё сиёсатидаги энг сирли давлат раҳбари.
Хитойдаги параддан кейин ҳам шунақа бўлди. Бошқа меҳмонлар ҳамманинг эсидан чиқиб кетди, лекин жаҳон нашрлари Кимнинг ҳаракатларини ёритишдан чарчамаяпти. Тадбирни ёритишга борган россиялик уруш тарғиботчиларидан бири ўз каналида қизиқ видео эълон қилди. Видео Путин ва Ким ўртасида учрашув ўтказилган хонадан олинган. Кадрда шимоллик қўриқчилардан бири Ким ўтирган курсини, столдаги унинг қўли теккан жойларни тозалаётгани кўринади. Бошқа бир ходим Ким теккан идишни олиб чиқиб кетган. Яъни шимолий кореялик қўриқчилар Кимнинг изини тозалаб чиқишган. Мақсад аниқ – ҳеч ким товариш Кимнинг ДНКсини ололмасин!
Кўчма унитаз
Япониянинг Nikkei нашрига кўра, Хитой сафарига Ким одатдагидек поездда борган. Поездда эса Кимнинг доимий кўчма ҳожатхонаси бўлган. Ким ҳарбий парадга кўчма ҳожатхона билан борганини корейс ва япон махсус хизматлари ҳам тасдиқлаган. Шимолий Корея бўйича экспертларга кўра, бу Кимни қўриқлаш доирасида амалга ошириладиган одатий процедура. Унинг отаси Ким Чен Ир даврида ҳам бунақа одат бўлган. Шу тариқа корейслар хорижликлар ўз лидерларининг саломатлиги ҳақида маълумот аниқлашига йўл қўймайди. Кимнинг қўриқчилари унинг барча сафарларига махсус чиқинди халталари ҳам олиб боришади, унинг қўли теккан ҳар қандай буюм тозаланиб, чиқинди йўқ қилинади.
Масалан, 2019 йил Ким Ветнамда Доналд Трамп билан кўришганидан кейин унинг қўриқчилари лидер қолган хонани соатлаб тозалаган, у ердан матрасни ҳам олиб чиқиб кетишган. 2018 йил Ким Жанубий Корея президенти Мун Че Ин билан учрашганда айниқса диққат билан ишлашган. Ўшанда стул Ким ўтиришидан аввал дезинфекция қилинган, у фойдаланадиган идишлар текшириб чиқилган.















