4 йил олдинги ҳукумат қарорига асосан, 2025 йил якунигача давлат-хусусий шериклик асосида талабалар учун 241 та ётоқхона қурилиши керак эди. Олий таълим вазирлиги бўлими бошлиғи Дониёр Юсуповнинг Kun.uz'га айтишича, охирги 3 йилда 73 та ётоқхона қурилган. У кечикишларни қурилишга рухсат олиш, ДХШ тартиб-қоидалари ва бошқа омиллар билан изоҳлади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил сентябрида қабул қилинган 563-сонли қарорига кўра, олий таълим муассасаларида талабаларни турар жой билан қамраб олиш даражасини ошириш чора-тадбирлари белгиланган эди.

Хусусан, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги олдига 2025 йил якунига қадар ДХШ асосида 241 та талабалар турар жойини барпо этиш вазифаси қўйилганди.

Kun.uz янги ўқув йилининг илк ҳафтасида бу топшириқнинг ижроси билан қизиқиб, вазирликнинг Давлат-хусусий шерикчиликни ривожлантириш бўлими бошлиғи Дониёр Юсупов билан суҳбатлашди.

Талабалар ётоқхонаси яна кун тартибида – вазирлик режани бажара ол(а)дими?

Режадаги 241 тадан амалда 73 таси қурилган

Вазирликнинг ҳисоб-китобларига кўра, Ўзбекистонда 1,5 млн нафар талаба бўлса, шунинг кундузги таълим шаклида ўқийдиганлари 540 мингдан зиёдни ташкил этади. Шундан 270 мингга яқинининг турар жойга эҳтиёжи бор.

2025 йил 1 сентябр ҳолати билан давлат олий таълим муассасаларида 155,8 минг нафардан ортиқ талабага мўлжалланган 385 та талабалар турар жойи бор. Бу – ётоқхонага эҳтиёжи бор 270 минг нафар талабанинг 114,2 минг нафари учун жойлар етишмовчилигини кўрсатади.

Юсуповнинг айтишича, 2022-2025 йил дастурига асосан, бугунги кунгача 74 100 ўринли 170 та ётоқхона барпо этилиб, фойдаланишга топширилган. Яна 34 500 ўринли 58 та ётоқхоналар лойиҳалари амалга ошириляпти. Шундан 21 500 ўринлисида қурилиш ишлари кетмоқда.

Аммо 170 та ётоқхонанинг ҳаммаси ҳам янгидан барпо этилмаган, улар орасида таъмирланган, қайта реконструкция қилинганлари ҳам бор.

Охирги 3 йил ичида тўлиқ давлат-хусусий шериклик асосида 38 600 ўринли 73 та янги ётоқхона қурилган. Ундан ташқари, олий таълим муассасаларининг ўз бюджетидан ташқари маблағлари, давлат шу мақсадда ажратилган инвестиция дастурлари доирасида ҳам яна янгидан қурилган ётоқхоналар мавжуд. Улар ҳам кўп”,