Қарорга кўра, республикада картошка етиштиришни кўпайтириш ва уруғчилигини ривожлантиришнинг асосий мақсадли кўрсаткичлари этиб қуйидагилар белгиланди:

🔹 2028 йилдан ҳар йили унувчанлик даражаси 85 фоиздан паст бўлмаган камида 10 млн дона картошканинг мини-туганакларини етказиб бериш;
🔹 2030 йилга бориб республикада картошканинг ўртача ҳосилдорлигини 16–17 тоннадан 25–30 тоннага ошириш.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳар йили 1 декабргача кейинги йилда етиштириладиган картошканинг in-vitro ўсимликлари, микро ва мини-туганакларининг ҳажмлари бўйича илмий муассасалар ва тадбиркорларга буюртма беради.

2026 йил 1 январдан  Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан тижорат банклари орқали картошка етиштириш харажатларини молиялаштириш учун ҳосил қийматининг 50 фоизигача йиллик 12 фоиз ставкада 6 ойлик имтиёзли давр билан 12 ой муддатга суғурта полиси асосида кредитлар ажратилади.

Шунингдек, 2026 йил 1 январдан картошка етиштирувчилар томонидан қуёш панеллари ўрнатиш харажатларининг 50 фоизигача, бироқ 50 млн сўмдан ортиқ бўлмаган қисми давлат бюджетидан қоплаб берилади.