E гуруҳи

Туркия – Испания 0:6
Голлар: Педри, 6 (0:1). Мерино, 22 (0:2). Мерино, 45+1 (0:3). Торрес, 53 (0:4). Мерино, 57 (0:5). Педри, 62 (0:6)
Туркия: Угуржан Чакир, Мерих Демирал, Абдулкарим Бардакчи, Эрен Элмали (Зеки Челик, 63), Мерт Мўлдур (Ферди Кадиўғли, 63), Ҳоқон Чалхонўғли (Ўрхун Кўкчи, 68), Исмаил Юкшек (Ўзжан, 82), Арда Гулер, Кенан Йилдиз, Юнус Оқкун (Ўғуз Айдин, 46), Карим Оқтуркўғли
Испания: Симон, Ле Норман, Ҳаусен, Кукуреля, Порро, Субименди (Родри, 73), Педри (Фермин Лопес, 68), Мерино, Уилямс (Торрес, 44), Ямал (Мората, 73), Ойярсабал (Де Фрутос, 68)

Испания саралашдаги иккинчи ўйинини ҳам сафарда ўтказди, Луис де ла Фуэнте эса уч кун олдин Болгарияда ўйнаган бошланғич таркибга бирорта ўзгартириш киритмади. Мураббийнинг бу қарори Билбаодагиларда норозилик уйғотиши тайин, Нико Уилямс биринчи бўлим охирида жароҳат туфайли алмаштирилди. У майдондалигидаёқ ўйин тақдири ҳал қилиб бўлинганди, «Қизил фурия» дарҳол турклар дарвозасини қамал қилди ва тезкор гол билан ҳисоб очилди. 6-дақиқадаёқ Педри Ҳоқон Чалхонўғлини алдаб ўтиб, тўпни олис бурчакка аниқ йўналтирди.

Бўлим ўрталарида урилган иккинчи голни эса мактаб дарсликларига киритиш мумкин – чап қанот орқали ривожлантирилган ҳужумда меҳмон футболчилар машғулотлардагидек эркин ҳаракат қилиб, жарима майдони ичида ҳам аниқ паслар билан рақибни шошириб қўйишди ва бу ҳужумни Мерино аниқ зарба билан якунлади. Микелнинг бўлимга қўшиб берилган дақиқаларда урилган иккинчи голи ҳақида ҳам шундай таърифни ишлатиш мумкин, иккинчи бўлим бошида жарима майдони ташқарисидан чап оёғида айланма зарба билан яна бир шедевр гол муаллифига айланди. У 2025 йил бошидан буён терма жамоа сафида олти ўйинда олти голга муаллифлик қилган. Ушбу яримҳимоячи ўтган мавсумда «Арсенал»да ҳужумчи қолмаганида Артета томонидан мажбуран ҳужумчи позициясида ўйнатилгани терма жамоага қўл келмоқда.

Испания учун бу жаҳон чемпионатлари саралаш босқичларида сафарда қозонилган энг йирик ғалабалардан бири бўлди. 2005 йилда Сан-Маринога қарши ўйинда ҳам худди шундай ҳисоб қайд этилган, рекорд кўрсаткич эса 2017 йилда Лихтенштейн дарвозасига жавобсиз саккизта гол урилиши бўлганди. Аммо бу рақибларни Туркия билан тенглаштириб бўлмайди. Яничарлар учун бу 41 йилдан буён уйдаги энг оғриқли мағлубият бўлди — ўшанда Англияга 0:8 ҳисобида мағлуб бўлинган.