Спорт | 18:10 / 08.09.2025
5973
2 дақиқада ўқилади

Олдингизда жаҳон чемпионатида муносиб иштирок этиш вазифаси турибди – Инфантино

ФИФА президенти Жанни Инфантино Тошкентдаги Олимпия шаҳарчаси, Юқори Чирчиқ туманида барпо этилган Миллий футбол марказини кўздан кечирди. Ўзбекистон миллий жамоаси футболчилари билан учрашди.

ФИФА президенти Жанни Инфантино 8 сентябр куни Тошкентдаги Олимпия шаҳарчасига ташриф буюрди.

100 гектардан ортиқ майдонда қад ростлаган мазкур мажмуа ўзида бир нечта спорт турлари учун мўлжалланган замонавий иншоотларни бирлаштиради. Улар кўп функцияли бўлиб, турли спорт турлари бўйича халқаро миқёсдаги мусобақаларни ўтказишга тўлиқ тайёр ҳисобланади.

Инфантино ушбу спорт инфратузилмасини юксак баҳолаб, Ўзбекистонда спорт соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва яратилаётган замонавий шароитларни эътироф этди.

Шунингдек, у Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманида барпо этилган Миллий футбол марказини кўздан кечирди. Бу ерда бир вақтнинг ўзида бир нечта терма жамоа машғулот ўтказиши мумкин. Замонавий майдонлар, ўқув бинолари, спорт заллари ва меҳмонхона футболчилар ихтиёрига тақдим этилган.

Спорт тиббиёти марказида бассейн, машғулот зали ва реабилитация бўлимлари ташкил этилган. Футболчиларнинг қисқа фурсатда тикланиши учун хорижий ускуналар келтирилган.

ФИФА делегацияси Футбол мутахассисларини тайёрлаш ва илмий-тадқиқот маркази, VAR, терма жамоалар тайёргарлик маркази ва Республика футбол академияси фаолияти билан танишди.

Жанни Инфантино Ўзбекистон миллий жамоаси аъзолари билан учрашиб, жаҳон чемпионати йўлланмаси билан табриклади:

«Аввало, сизларни тарихий натижа билан табриклайман. Бу ютуқ мамлакатингизда спорт ва футболга берилаётган эътибор самараси. Футболингизнинг узоқ ва шарафли йўлни босиб ўтаётганининг мевасидир. Олдингизда шарафли вазифа — Жаҳон чемпионатида муносиб иштирок этиш турибди. Сиз миллионлаб мухлисларингизга қувонч улашяпсиз. Ишонаманки, Жаҳон чемпионатида бутун дунё яна бир бор Ўзбекистон футболининг салоҳиятига гувоҳ бўлади», деди Инфантино.

Ташриф давомида ФИФА делегацияси марказ инфратузилмасига юксак баҳо бериб, бу ерда Ўзбекистон терма жамоаларининг халқаро мусобақаларга пухта тайёргарлик кўриши мумкинлигини таъкидлади.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид