Иқтисодиёт | 08:07 / 09.09.2025
5765
2 дақиқада ўқилади

WSJ: ЕИ-АҚШ савдо келишуви бекор қилиниши мумкин

Европа бизнеси пўлат ва алюминийга 50 фоизлик божларнинг улар ёрдамида ишлаб чиқарилган кенг ассортиментдаги маҳсулотларга узайтирилишидан норози, деб ёзади The Wall Street Journal.

Фото: Andrew Harnik/Getty Images

The Wall Street Journal (WSJ) нашрининг ёзишича, Европа ишбилармон доираларида Европа Иттифоқи ва АҚШ ўртасидаги савдо келишуви шартларидан норозилик кучаймоқда. Нашрнинг хабар беришича, Европа Иттифоқидаги компаниялар Оқ уйнинг металл импортига қўшимча божлар тўғрисидаги қарорига таркибида пўлат ва алюминий бўлган юзлаб бошқа маҳсулотларни киритиш тўғрисидаги қароридан кейин келишув лойиҳасига ўзгартиришлар киритилишини кутмоқда.

Дастлаб, АҚШ президенти Доналд Трампнинг пўлат ва алюминийга савдо божларини ошириш ҳақидаги қарори фақат хомашёнинг ўзига ва улардан тайёрланган маҳсулотларга нисбатан қўлланган. Энди у двигателлар, насослар, дастгоҳлар ва қурилиш ускуналари каби товарларга кенгайтирилди. Натижада, кўплаб европалик ишлаб чиқарувчилар Трамп ва Еврокомиссия раиси Урсула фон дер Ляйен томонидан келишилган қўшимча 15 фоизлик тарифлардан ошиб кетадиган божларни тўлаши керак, дея тушунтиради WSJ.

Нашр таъкидлаганидек, баъзи Европа компаниялари аллақачон АҚШга экспортни тўхтатиб, етказиб беришни бошқа мамлакатларга йўналтириш имкониятини кўриб чиқмоқда. Хусусан, қишлоқ хўжалиги техникаси ишлаб чиқарувчи Krone Мексика ва Канадага аввалроқ АҚШ бозори учун мўлжалланган маҳсулотларни етказиб бериш вариантини ўрганмоқда.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид