Бу ҳодиса ўрмон қонунлари амал қиладиган жамиятда эмас, биз яшаб турган мамлакатда содир бўлди. Аёл оғир босимлар остида фарзандини уй шароитида дунёга келтиргач, бола ундан олиб қўйилди ва ўзи молхонага қамалди. Очликдан ўлмаслик учун тарвуз пўчоқлари, моллар учун ташланган маҳсулот қолдиқларию чиқиндиларни еб, жон сақлади. 

Воқеаларнинг тўлиқ тафсилотини видеода томоша қилинг.

Сурхондарё вилояти Узун туманида кузатилган ақлга сиғмас ҳолат – бир неча ҳафталаб молхонада сақланган аёл воқеаси. У фарзандини дунёга келтиргач, оғилхонага қамалган ва очликдан ўлмаслик учун тарвуз пўчоқлари ҳамда бошқа маҳсулотларнинг қолдиқларини истеъмол қилиб жон сақлаган. Кечагина фарзандини дунёга келтирган аёл аёвсиз калтакланган. Аёл топилган вақтда унинг ҳолати қўрқинчли эди.

Kun.uz журналисти воқеа жойида бўлиб, молхонада сақланган аёл воқеасини ўрганди. У қайси сабаб билан бу хонадонга келиб қолгани, даҳшатли кунлари, маҳалладан яширилгани, бу сир қандай қилиб фош бўлгани ҳақида ҳикоя қиламиз. Биз аёл ва боласининг ҳозирги ҳолати, воқеа гувоҳлари, масъуллар ҳамда ўша мудҳиш хонадонда бўлиб, гумондорлар билан мулоқот қилдик.

У аёл ким эди?

Обизаранг маҳалласи хотин-қизлар фаоли Моҳира Эрназарова аёл бу хонадонга қандай қилиб келиб қолгани, маҳалладан яширилгани ва сир қай ҳолатда фош бўлганини айтиб берди.

Эрназарованинг айтишича, жорий йилнинг январ ойида хатлов ўтказилган. Ўша хонадонга борилганида у ерда яшовчиларнинг ҳужжатлари олинган. Тасодифан ўша жабрланган аёлнинг ҳужжати маҳалла масъуллари қўлига тушган (бу аёл Сариосиё туманида туғилган). Табиийки, унинг кимлиги билан қизиқишганида оила аъзолари “келинимиз” деб айтишган. Қаердалиги сўралганда, хонадон эгаси Зиёда Ашурова ўғли Ашур Шамсиев билан Тошкентга ишлагани кетганини айтган. Кейинчалик ҳам бир неча марта шу ҳолат такрорланган. Ҳар сафар у Тошкентда эканини иддао қилиб, маҳалладан сўраб келувчиларга кўрсатилмаган.