2025 йил 7 сентябр. Фарғона вилоятининг Бувайда туманидан бўлган Воҳиджон Қўрғонов ўзининг Spark машинасида 15 ёшли қизи ва ТошМИда таҳсил олаётган қариндоши билан Тошкентга кетаётганди. Машина темирйўл кесишмасига келиб тўхтади. Шу вақтда бошқарувни йўқотган цемент ташувчи юк машинаси машиналарга келиб урилди. ЙТҲда 11 киши, жумладан, Воҳиджон Қўрғонов бошқарувидаги Spark машинасида бўлганларнинг барчаси ҳалок бўлди. Kun.uz мухбири марҳумларнинг яқинлари билан суҳбатлашди.
Жорий йил 7 сентябр куни соат 12:20 атрофида Тошкент вилояти Ангрен шаҳри ҳудудидан ўтган А-373 «Тошкент-Ўш» халқаро автомобил йўлида А.Р. бошқарувидаги цемент ташувчи Shacman юк машинаси бошқарувни йўқотиб, темирйўл кесишмасида тўхтаб турган бир нечта автотранспорт воситалари билан тўқнашган ҳолда йўл транспорт ҳодисасини содир этганди. Мудҳиш ҳодисада Spark ҳайдовчиси, машинада бўлган қизи ва қариндоши воқеа жойида ҳалок бўлган.
Манзилга ета олмаган соғинч
4 фарзанднинг отаси бўлган 47 ёшли Воҳиджон Қўрғонов асли Фарғона вилоятининг Бувайда тумани Хонобод қишлоғидан бўлган. Тўнғич қизи пойтахтдаги олийгоҳлардан бирига талабаликка қабул қилингандан кейин оила аъзолари маслаҳатлашиб, Тошкентда яшашга қарор қилишади. Улар Сергели туманининг Чоштепа маҳалласидан ижарага уй олишади.
Воҳиджон таксичилик, турмуш ўртоғи эса чеварчилик билан шуғуллана бошлайди. Ўзлари билан бирга икки қизи ва ўғлини ҳам пойтахтга олиб кетишади. Қишлоқда фақат 15 ёшли қизи Машҳура қолади. Ўша машъум кунда марҳум Воҳиджон Қўрғонов онасини соғинган кенжа қизи ва уйланганига эндигина бир ой бўлган Тошкент тиббиёт академиясининг магистратура босқичига қабул қилинган қариндоши Аъзамжон Иброҳимовни олиб кетаётган бўлган.

“Ангрендаги фожиада укам, жияним ва қариндошимдан айрилдим. Укамнинг қизлари пойтахтда ўқишарди. Келинойим чеварлик, Воҳиджон таксичилик қилиб тирикчилик ўтказишарди. Ўша куни машинада укамдан ташқари кичкина жияним 15 ёшли Машҳурахон, божасининг ТошМИда ўқийдиган ўғли Аъзамжон бўлган. Аъзамжон ҳам ўқишни битириб, магистратурага кирган эди. Ўқишга кетаётган бўлган шўрлик.

















