Соғлом ҳаёт | 18:52 / 11.09.2025
1698
2 дақиқада ўқилади

Рецепт билан бериладиган дориларни электрон рецепт асосида тайинлаш тартиби белгиланди

Янги қарорга кўра, шифокорлар беморга фақат Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган дориларни электрон рецепт асосида ёзишлари мумкин.

Фото: Getty images

Ҳукумат қарори (570-сон, 08.09.2025 й.) билан “Тиббиёт ташкилотларида рецепт билан бериладиган дори воситаларини электрон рецепт асосида тайинлаш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланди.

Унга кўра, шифокор ёки ҳамшира бемор ҳақида керакли маълумотларни тиббиёт муассасасидаги махсус компютер тизимига киритади. Ушбу маълумотлар автоматик равишда “Электрон тиббий карта”га ўтади. Беморга дори керак бўлса, шифокор уни энди қоғозда ёзиб бермайди, айнан шу тизим орқали электрон рецепт шаклида расмийлаштиради.

Электрон рецепт даволовчи шифокор томонидан электрон имзо ёки бошқа усулда тасдиқланади ва унга автоматик тарзда QR-код қўйилади.

Шундан сўнг, рецептга оид маълумотлар тизимдаги “Электрон рецепт” модулига ўтади. Шифокор ўзи ёзган дори воситаларининг дорихона орқали сотилгунига қадар бўлган барча жараённи кузатиб бориши мумкин.

Рецептга оид барча маълумотлар эса беморнинг электрон тиббий картасига автоматик ёзилади.

Қарорда келтирилишича, электрон рецепт асосида бериладиган дори воситалари Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган бўлиши керак.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид