Жамият | 14:08 / 12.09.2025
19239
2 дақиқада ўқилади

Бувайдалик 130 ёшли Ҳувайдо момонинг туғилганлик факти белгиланди

Шу пайтгача момонинг 130 ёшда эканини исботловчи факт йўқ эди. Суд туман адлия бўлимининг даъво аризасини қаноатлантириб, Ҳувайдо момо Умарованинг 1895 йил 1 январда туғилганлик фактини белгилади.

Фото: Адлия вазирлиги

Фарғонада 130 ёшли Ҳувайдо момо Умарованинг туғилганлик факти белгиланди. Бу ҳақда Адлия янгиликлари каналида хабар берилди.

Маълум қилинишича, Адлия вазирлиги ташаббуси билан ўтказилган “Ҳеч бир шахс ҳужжатсиз қолмайди” акциясида Бувайда туман адлия бўлими ходимлари томонидан Ҳувайдо момонинг туғилиши қайд этилмагани аниқланган. Адлия бўлими фуқаролик ишлари бўйича Қўқон туманлараро судига даъво аризаси киритган.

Ўтказилган сайёр суд мажлисида даъво ариза қаноатлантирилган ҳамда суд қарори билан Ҳувайдо момонинг 1895 йил 1 январда туғилганлик факти белгиланган. Эндиликда Ҳувайдо момо Гиннеснинг рекордлар китобига дунёдаги энг кекса аёл сифатида киритилиши мумкин.

Kun.uz уч аср билан юзлашган Ҳувайдо момо ҳақида 4 йил олдин репортаж тайёрлаганди. Ўшанда момонинг энг катта ўғил фарзанди вафот этгани, ундан кейинги қиз фарзанди 80, яна бир қизи 79, кенжа фарзандидан олдинги ўғли 70 ва кенжа фарзанди 60 ёшда экани айтилганди.

Момонинг таъкидлашича, уларнинг авлодида бир асрдан зиёд яшаганлар кўп бўлган: масалан, момонинг отаси Тошмат ота 101 ёшга, тоғаси Муллақодир ота 130 йил яшаган бўлса, аммаси Сайдинисо она 125 йил умр кўрган.

Маълумот учун: Ҳувайдо момо Умарова 2016 йилда президент фармонига кўра “Шуҳрат” медали билан тақдирланган.

Гиннеснинг рекордлар китобига дунёдаги энг кекса аёл сифатида киритилган бразилиялик Ина Канабарру Лукас 2025 йил май ойида 116 ёшида вафот этганди. Америка геронтология тадқиқот гуруҳи ва дунёдаги энг кекса инсонлар ёшини текшириш билан шуғулланадиган LongeviQuest маълумотлар базасига кўра, сайёранинг энг кекса аёли мақоми Ина Канабарру Лукасдан кейин Буюк Британиянинг Суррей графлигида яшовчи Этел Катерҳэмга ўтган. У ҳозирда 115 ёшда.

Тайёрлаган:  Руслан Сабуров

Мавзуга оид