Президент Трампнинг асосий тарафдорларидан бири, консерватив сиёсий фаол - Чарли Кирк кеча, 10 сентябрь куни Юта водийсидаги университетда отиб ўлдирилди. 31 ёшли Чарлига ёшлар билан учрашув чоғида ўқ узилган. Гувоҳларга кўра, тадбир қатнашчиларини кираверишда ҳеч ким текширмаган. Ўқ эса қўшни бинодан узилган, жиноятчи тутилгани йўқ.
Чарлининг ўлимини Трамп ҳам тасдиқлаб, ўз ижтимоий саҳифаларида бу ҳақида пост қолдирди. Унинг ўлими АҚШ сиёсий доираларини ташвишга солган, ҳаттоки Оқ уйдаги мамлакат байроғи ҳам Киркка ҳурмат рамзи ўлароқ ярим метр пастга туширилди.
“Буюк ва ҳаттоки афсонавий Чарли Кирк ҳалок бўлди. АҚШда ҳеч ким ёшларни Чарлидан яхшироқ тушунмасди ёки билмасди. Уни ҳаммамиз, айниқса мен яхши кўрардим, унга қойил қолардим, лекин энди у орамизда йўқ”, деб ёзди Трамп ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғидаги саҳифасида.
Вице-президент Ж.Д Венс эса америкаликлардан Чарли учун дуо қилишни сўради. Собиқ президент Байден ҳам Чарлининг оиласига ҳамдардлик билдирди.
"Мамлакатимизда бундай зўравонликка ўрин йўқ. Ҳозир тугаши керак. Жилл ва мен Чарли Киркнинг оиласи ва яқинлари учун ибодат қиламиз", деб ёзди у.
Ўқ узилган видеолардан кўринишича, ўша дамда Чарли “Американинг қайтиши” деб ёзилган чодирда нутқ сўзлаётган бўлган. Ўқ тегиши билан у ўтирган жойида чўкди ва кўксидан қон оқа бошлади. Буни кўрган одамлар эса дарров ваҳимага тушиб, ҳар томонга югура бошлаган.
Университет расмийлари дарҳол талабаларга огоҳлантириш билан чиққан, полиция отишмани текшираётгани хабар қилинди. Юта университети АҚШдаги катта университетлардан бири, унда камида 46 минг талаба ўқийди.
Чарлининг ўлими ҳақида эшитган республикачи сенаторлар ҳам бирин-кетин пост ёза бошлашди, улар марҳумнинг ҳаққига ибодат қилишни сўраган. Демократлар ҳам бу жиноятни оқлаб бўлмаслигини ёзишди. Масалан, Калифорния губернатори Гевин Нюсом Чарлига қилинган ҳужум жирканч ва қабиҳ, АҚШдаги ҳар қандай зўравонлик қораланиши керак, дея фикр билдирган.
31 ёшли Кирк сиёсий фаол бўлиб, 2 фарзанднинг ҳам отаси бўлган. У мактаб ва университет кампусларида консерватив ёшларни бирлаштирадиган қатор учрашув ва тадбирлар ўтказиб келарди. Трампнинг тарафдори бўлган Чарли ўтган йили Доналдга ҳам суиқасд уюштирилганидан озгина ўтиб, Республикачилар қурултойида сўзга чиққанди.






