Семизликка қарши Wegovy дорисини ишлаб чиқарувчи Novo Nordisk компанияси ишчилари сонини 11,5 фоизга (9 минг ишчи) қисқартиришини эълон қилди. Бу қарор рақобатчиси – Eli Lilly (АҚШ) ва бошқа арзон нархдаги муқобил дорилар ишлаб чиқарувчиларга қарши кураш ҳамда ўсишни тиклаш мақсадида қабул қилинган.
Июл ойида Novo Nordisk 70 млрд долларлик бозор қийматини йўқотганди. Йил бошидан бери эса компаниянинг акциялари қарийб 46 фоизга арзонлашиб, капитализацияси 181 млрд долларга камайган. Бунгача Novo Nordisk Европанинг энг қиммат компанияларидан бири бўлиб, капитализацияси 650 млрд долларга тенг эди.
Қисқартиришларнинг 5 минг нафари Данияда бўлади. Компания тежалган маблағни илмий-тадқиқот ишлари, ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва беморлар учун имкониятларни яхшилашга қайта йўналтиришини маълум қилди.










