Жаҳон | 13:54 / 17.09.2025
3809
2 дақиқада ўқилади

Полшадаги зарар кўрган уйга F-16'дан ракета тушиб кетган бўлиши мумкин

Вирики қишлоғидаги турар жой биноси рус дронининг қолдиқлари билан эмас, балки учувчисиз учоқларни уриб туширишда фойдаланилган Полша ракетаси томонидан вайрон қилинган, деб ёзади Rzeczpospolita давлат идораларидаги манбаларга таяниб.

Фото: AP / Czarek Sokolowski

Полшанинг Rzeczpospolita газетаси хабарига кўра, Полша шарқидаги Вирики-Вола қишлоғидаги рус дронларининг мамлакат ҳаво ҳудудига бостириб кириши чоғида зарар кўрган уйга учувчисиз учоқ қолдиқлари эмас, балки ҳужумни қайтариш учун фойдаланилган Полшанинг F-16 қирувчи самолётининг "ҳаво-ҳаво" ракетаси тушиб кетган. Парвоз вақтида ракетани йўналтириш тизимида носозлик юз берди ва у ишламади, деди «мамлакат хавфсизлиги учун масъул давлат тузилмалари»даги манба 16 сентябр, сешанба куни газетага берган интервюсида.

Люблин прокуратураси Люблин воеводлигидаги уйга қулаган парчаларнинг келиб чиқиши ҳақидаги маълумотни ошкор этмаяпти ва «номаълум учувчи объект» ҳақида гапирмоқда, дея давом этган газета. Бироқ, идора бу маълумотга эга. Мутахассислар кўмагида прокуратура 17 та дроннинг қолдиқларини «осонлик билан аниқлади», бироқ Вирикига айнан нима тушганини муҳокама қилишдан бош тортди. «Айни вақтда объект на дрон, на унинг бўлаклари эканлиги аниқланмаган», — дея прокуратура баёнотидан иқтибос келтиради газета.

Газета сўровига жавобан идора матбуот котиби Агнешка Кемпка тергов давом этаётгани ва махсус эксперт хулосасини кутиш зарурлигига ишора қилди. Айни пайтда, Rzeczpospolita манбасига кўра, оғирлиги 150 килограммдан ортиқ бўлган уч метрли AIM-120 AMRAAM ракетасининг жанговар каллаги портламаган, чунки қурилма хавфсизлик мосламалари ишга туширилган ва ракета турар жой биносига қулаган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид