Лондон шаҳрида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги директори Беҳзод Мусаев, Буюк Британиядаги фавқулодда ва мухтор элчи Равшан Усмонов ҳамда Британиянинг Association of Labour Providers (ALP - Меҳнат таъминотчилари уюшмаси) бош директори Дэвид Камп ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Музокарада Буюк Британия Меҳнат таъминотчилари уюшмаси (ALP) директори Дэвид Камп: "Ўзбекистон Миграция агентлиги билан ўзбекистонлик ёшларни Англия корхоналарига ишга жойлаштиришдаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга тайёрмиз", - дея таъкидлади.
Учрашувда Британиянинг мавсумий ишчилар дастури бўйича Ўзбекистон фуқаролари учун квоталарни ошириш, янги мавсумий операторлар билан шартномалар тузиш ҳамда фуқароларни хавфсиз ва ташкиллаштирилган ҳолда ишга ёллаш юзасидан келишувга эришилди.
Маълумот учун: ALP - Буюк Британиянинг мавсумий ишлар, озиқ-овқат, саноат, логистика каби соҳаларда ишчиларни етказиб берувчи ва манфаатларини қўллаб қувватловчи ташкилоти. Ушбу уюшмага 300 дан зиёд йирик компаниялар аъзо.











