Эски кийимлар
Жамиятимизда эски кийимни ташлаб юборишга “исроф” деб қараладиган тушунча шаклланган. Бу тежамкорлик ва оила маблағини мақсадли иқтисод қилиш билан ифодаланса-да, саломатлик нутқаи назаридан салбий оқибатларга эга. Хусусан, бир неча йил давомида кийилган кийимнинг матосида кўзга кўринмайдиган миқдорда чанг, бактерия, замбуруғ ва теридан ажраладиган ёғ қолдиқлари аста-секин тўпланиб боради. Уларни қайта-қайта ювиш ҳам доимо гигиена талабларини тўлиқ таъминлай олмайди. Бунинг сабаби шундаки:
- тери ёғи ва тер қолдиқлари мато толалари орасига чуқур сингиб кетади, уларни оддий совун ёки паст ҳароратда ювиш билан бутунлай йўқ қилиш қийин;
- бактериялар ва замбуруғлар нам ва иссиқ шароитда тез кўпаяди. Агар кийим яхши қуритилмаса, улар мато юзасида узоқ яшаб қолади;
- эски кийим толалари вақт ўтиши билан юмшаб, кичик ёриқлар ва бўшлиқлар ҳосил қилади. бу жойларда микроблар янада мустаҳкам жойлашиб олади;
- чанг ва аллергенлар (чангжон, гулчанг, ҳайвон туклари) ҳам матога сингиб қолиб, оддий ювганда тўлиқ кетмайди. Бундай кийимларни тез-тез кийиш тери касалликлари, аллергия, қичишиш, ҳуснбузар, қўтир ёки замбуруғли инфекцияларни қўзғатиши мумкин.
Вақт ўтиши билан кийим матосининг сифати кескин пасаяди. Ювиш ва дазмоллаш жараёнида толалари юпқалашиб, ҳаво ўтказиш қобилияти йўқолади. Бу эса терининг нафас олишини қийинлаштиради, айниқса, ёз кунлари терлашни кучайтириб, бадандан ёқимсиз ҳид тарқалишига туртки бўлади.
Эски кийимнинг психологик таъсирини ҳам унутмаслик керак. Жуда “кўҳна” либосларни кийиш одамда ўзига бўлган ишончни пасайтириши мумкин. Инсон кўпинча ташқи кўринишидан куч олади: тоза, озода ва замонавий кийимда юриш кайфиятни кўтаради, одамга ўзини эркинроқ тутиш имконини беради. Жуда эскирган, шакли бузилган кийимни кийиш одамни ноқулай аҳволга солади.















