Kun.uz ихтиёрига пойтахт йўналишлари бўйлаб ҳаракатланувчи автобуснинг пиёдани уриб юборгани акс этган видеоси келиб тушди. Видеоёзувга кўра, ҳолат 18 сентябр куни соат 18:51 ларда Кичик бешёғоч кўчасида содир бўлган.

Автобус тиқилинчда қолмаслик учун тез ёрдамга ажратилган махсус йўлакдан 53 км/соат тезликда ҳаракатлангани кўринади. Шу вақтда транспорт воситаси йўлни кесиб ўтаётган бир пиёдани уриб юборган. Пиёда автобус ойнасига урилиб, учиб кетган. 

Таҳририятга мурожаат қилган автобус ҳайдовчилардан бирининг айтишича, бу ердаги асосий муаммо тирбандлик ошгани ва жамоат транспорт воситалари ўз вақтида рейсларига етиб боролмаётгани билан боғлиқ.

“Ҳозирда шаҳарда жуда катта тирбандликлар юзага келмоқда. Ҳайдовчилар рейсларига ўз вақтида етиб бора олмаяпти, шунинг учун ҳамма ҳайдовчилар шошилиб юради, рейсларига вақтида бормаса, кечқурун рейсларини олиб ташлашяпти, олиб ташласа, ойлик маошлари тўлиқ чиқмайди.

Ҳамма бола-чақасини боқиш илинжида ҳаракат қилмоқда, 1 соатлик рейсга ҳайдовчилар тирбандликлар сабаб 1 соат-у 40, 50 дақиқа кечикиб боряпти. Сизлардан сўраб қолардим: “Тошшаҳартрансхизмат” ҳайдовчиларнинг рейсларини камайтириб, 1 та рейсга етиб бориш вақтини ярим соатга узайтириб берсин. Айнан шундай кўнгилсизликларнинг олди олинган бўлар эди”, – дейилади мурожаатда.

“Тошшаҳартрансхизмат” АЖнинг Kun.uzʼга аниқлик киритишича, бу вазият Дўстлик 2-мавзесидан Муҳаммад Юсуф кўчасигача ҳаракатланувчи 62-автобус билан юзага келган.

Расмийлар автобус уриб юборган пиёда тирик қолганини, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига олиб борилганини маълум қилди.

Шунингдек, АЖга кўра, ҳозирги кунда ташкилот таркибидаги барча 163 та автобус йўналишларининг ҳужжати ишлаб чиқилиб, тасдиқланган. Хабарда уларнинг қатнов вақти ва интервалидаги чўзилишлар тирбандлик сабаб юзага келаётгани тан олинган.

“Тошкент шаҳридаги кўча-йўл тармоқларида автотранспорт воситаларининг ҳаракати чекланган вазиятларда бундай манзиллар орқали ҳаракатланувчи автобус йўналишларининг қатнов вақти ва автобуслар оралиқ интервал вақтларини белгиланган вақтлардан ортиб кетиши ҳолатлари юзага келади. 

Ҳайдовчига боғлиқ бўлмаган сабаблар билан махсус дастурий таъминотда инобатга олинмаган қатновларни ҳисобга олиш бўйича тасдиқловчи ҳужжатлар асосида тегишли давлат ташкилотларига мурожаат қилинади ва ҳайдовчи томонидан бажарилган қатновларни ҳисобга олиш чоралари кўрилади”, – дейилади расмий изоҳда.