БМТ Бош Ассамблеяси доирасида АҚШга ташриф буюрган Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған 22 сентябрь куни Доналд Трамп ва республикачиларни фаол қўллаб-қувватлаши билан танилган Fox News телеканалига интервью берди. Эрдўған суҳбатда Исроилнинг Ғазодаги уруши ва Ҳамас, АҚШ билан муносабатлари ҳамда Россия-Украина уруши масалаларига тўхталиб ўтди. Anadolu нашри интервьюнинг муҳим нуқталарини жамлади.
Исроилнинг уруши ҳақида
Эрдўған Исроил Ғазода «тўлиқ геноцид» амалга ошираётганини айтди ва Исроил бош вазири Бенямин Нетаняҳуни тўғридан-тўғри қотилликларда айблади.
«Бошқа йўл билан тушунтиришимиз мумкин деб ўйламайман. Бу тўлиқ геноцид. Ва бу геноциднинг сабаби Нетаняҳу. Афсуски, Нетаняҳу бешафқатларча бу геноцид билан ўн минглаб одамларни ўлдирди», деди Эрдўған Fox News'га.
Унинг қўшимча қилишича, Ғазода 120 мингдан ортиқ одам яраланган ва Туркия кўплаб жароҳатланганларни даволаниш учун мамлакатга қабул қилган. «Биз бу геноцидга бутунлай қаршимиз», деди у.
Шунингдек, Эрдўған ҳамма айбни Фаластиндаги қуролли гуруҳ – Ҳамас зиммасига юклашни ҳам рад қилди.

«Бу бир томонлама жиноят эмас. Фақат Ҳамасни айблаш нотўғри бўлади, деб ўйлайман. Шу билан бирга, Нетаняҳунинг қилган ишларини қандай қилиб четга сурамиз?» деди у.
«Мен Ҳамасни террорчи ташкилот деб ҳисобламайман. Аксинча, уни қаршилик гуруҳи деб кўраман… Улар ўзларини ҳимоя қилиш учун мавжуд имкониятларидан фойдаланмоқда. Қурол масаласига келганда, Ҳамасни Исроил билан солиштириш мумкин ҳам эмас. Лекин Исроил бу кучни раҳмсизларча ишлатмоқда – 7 ёшдан 70 ёшгача, болалар, аёллар, қариялар. Ҳеч қандай раҳм-шафқат йўқ. Бу одамлар ўлдирилмоқда».
Туркия етакчиси Ғазодаги урушга чек қўйиш истиқболларига шубҳа билдирди, уни ҳал бўлмаётган Россия-Украина уруши билан таққослади.










