Кўчмас мулк | 15:35 / 23.09.2025
2356
3 дақиқада ўқилади

Ерларни ўзбошимчалик билан эгаллашни назорат қилиш рақамли асосга ўтказилади

Президент қарори билан ерга оид муносабатларда коррупциявий омилларни бартараф этиш механизмларини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар белгиланди.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Ҳужжатда рақамли технологиялар асосида ягона назорат тизимини жорий этиш ва ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаш ҳамда бундай ерларда ноқонуний қурилмалар қуришнинг олдини олиш учун ваколатли органлар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш назарда тутилган.

Хусусан, Кадастр агентлигининг E-yer nazorat тизими давлат ер назоратини юритишнинг ягона электрон платформаси бўлади. 2026 йил 1 январдан бошлаб махсус ваколатли органларнинг ерга оид қонунчиликка риоя қилмаслик фактларини барвақт аниқлаш ва улар бўйича тегишли чоралар кўриш вазифалари ва функциялари фақатгина ушбу тизим орқали амалга оширилади.

Космик суратларни қайта ишлаш ва таҳлил қилиш орқали аниқланган ерга оид қонунбузарлик эҳтимоли юқори бўлган ҳолатлар бўйича маълумотлар "Рақамли ҳукумат" тизимининг идоралараро интеграциялашув платформаси орқали E-yer nazorat тизимига юборилади.

"Ўзбеккосмос" агентлиги бир йилда икки марта давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ер участкаларидан мақсадсиз ва самарасиз фойдаланиш фактларини аниқлаш бўйича аэрокосмик мониторинг ўтказади. Қўшимча мониторинг манфаатдор вазирлик ва идораларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши мумкин.

Ер участкаларидан мақсадсиз ва самарасиз фойдаланиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар даражасига қараб ҳудудлар қуйидагиларга бўлинади: "қизил" тоифа – ер участкаларидан мақсадсиз ва самарасиз фойдаланиш, ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаш ҳамда бино ва иншоотларни қуриш эҳтимоли юқори, "сариқ" – ўрта ва "яшил" тоифа – паст эҳтимоли бўлган ҳудудлар.

E-yer nazorat тизимини тегишли давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот тизимлари билан интеграциялашни амалга ошириш бўйича "йўл харитаси" тасдиқланди.

2026 йил 1 январдан бошлаб ваколатли органлар томонидан ерга оид қонунчиликка риоя қилмаслик фактларини барвақт аниқлаш доирасида ундирилган жарима санкциялари суммасининг 2 фоизи E-yer nazorat тизими операторига (Компютерлаштириш, геоахборот технологияларини жорий этиш ва ривожлантириш маркази) ўтказилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид