Жаҳон | 13:42 / 01.10.2025
5587
2 дақиқада ўқилади

Филиппинда зилзила. Ўнлаб одамлар ҳалок бўлди

Ted Aljibe / AFP / Scanpix / LETA

Филиппиннинг марказий қисмида 6,9 магнитудали зилзила содир бўлди. Дастлабки маълумотларга кўра, камида 69 киши ҳалок бўлган, деб хабар бермоқда Reuters қутқарув хизматларига таяниб.

АҚШ Геология хизмати (USGS) маълумотларига кўра, зилзила маҳаллий вақт билан 30 сентябр куни соат 22:00 атрофида рўй берган, эпицентр Себу провинцияси қирғоқлари яқинида жойлашган.

Ҳудуд маъмурияти маълум қилишича, 150 дан ортиқ киши жабрланган.

69 киши ҳалок бўлгани ҳақидаги маълумотни Филиппин пойтахти Маниладаги фуқаролик мудофааси бошқармаси тасдиқлади. Бошқарма бошлиғи ўринбосари Бернадо Алехандро зилзила ўчоғига энг яқин жойлашган Бого шаҳрида 30 киши ҳалок бўлганини маълум қилди. Қутқарувчилар вайроналарни тозалашда давом этмоқда, дея қўшимча қилди у.

Филиппин Қизил Хоч ташкилоти вакили Ричард Гордоннинг CNN телеканалига маълум қилишича, баскетбол ўйини вақтида спорт мажмуаси қулаб тушган Сан-Ремиджио шаҳрида камида 13 киши ҳалок бўлган. Қурбонлар орасида қирғоқ қўриқлаш хизмати ходимлари ва бир ўт ўчирувчи ҳам бор.

Себу провинциясидаги Бого шаҳридаги шифохона «тўлиб кетди», деди фуқаролик мудофааси вакили Раффи Алехандро журналистларга. Ижтимоий тармоқлар ва ОАВда эълон қилинган суратларда кўприклар ва йўллардаги ёриқлар, вайрон бўлган биноларни кўриш мумкин.

Санта-Роса-де-Лима черкови зилзиладан кейин. Даанбантаян, Себу провинцияси
AP / Scanpix / LETA
 Себу провинциясидаги Табогон шаҳри
Ted Aljibe / AFP / Scanpix / LETA
Филиппиндаги зилзила қурбонларининг жасадлари
Juanito Espinosa / EPA / Scanpix / LETA

Себу провинцияси ҳукумати фавқулодда ҳолат эълон қилди, у ерда зилзила туфайли тўхтаб қолган электр таъминотини тиклашга ва жабрланганларга ёрдам етказишга ҳаракат қилинмоқда.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид