Жаҳон | 13:03 / 04.10.2025
2454
2 дақиқада ўқилади

Белгиядаги ҳарбий база устида 15 та дрон аниқланди

Дронлар Германия билан чегарадаги Элсенборн авиабазаси устида пайдо бўлди. Белгия Мудофаа вазирлиги воқеа юзасидан тергов олиб бормоқда.

Фото: REUTERS

Белгиянинг VRT телерадиокомпанияси 3 октябр, жумага ўтар кечаси мамлакат шарқидаги Леж провинциясида Элсенборн ҳарбий базаси устида 15 та дрон аниқлангани ҳақида хабар берди. База Германия билан чегара яқинида жойлашган. Белгия Мудофаа вазирлиги дронлар пайдо бўлганини тасдиқлади ва тергов олиб борилаётганини маълум қилди.

Элсенборн ўқув лагери сифатида ишлатилади, у ерда бошқа нарсалар қатори ўқ отиш машқлари ҳам ўтказилади. VRT маълумотларига кўра, ўша вақтда базада дронларни аниқлаш тизими синовдан ўтказилаётгани сабабли дронлар тасодифан пайқалган.

Дастлабки маълумотларга кўра, дронлар Белгия чегарасини кесиб ўтган ва Германияга етиб келган. Телеканалнинг ҳарбий таҳлилчиси Йенс Франсеннинг сўзларига кўра, уларни Дюрен шаҳрида полициячилар пайқаб қолган. Белгиядаги дронлар аниқ қаердан учиб келгани ҳозирча номаълум.

Сўнгги ҳафталарда Европанинг бир қанча давлатлари ўз ҳаво кенгликларида номаълум дронлар борлиги ҳақида хабар берди. Худди шундай ҳодисалар Норвегия ва Даниядаги аэропортларнинг қайта-қайта ёпилишига олиб келди.

Германиянинг Der Spiegel нашри сентябр ойи охирида Германия шимолидаги Шлезвиг-Голштейн ерида номаълум учувчисиз учоқлар пайдо бўлганини хабар қилди. Айтилишича, улар муҳим инфратузилмани кузатган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид