Россия қўшини 5 октябрга ўтар кечаси Украина бўйлаб навбатдаги марта ёпирилма ҳужумини амалга оширди. Мамлакат президенти Володимир Зеленскийнинг сўзларига кўра, РФ армияси 50 дан ортиқ ракета ва 500 га яқин дрондан фойдаланган. Жами тўққиз област – Лвив, Ивано-Франковск, Запорижжя, Черниҳив, Суми, Харкив, Херсон, Одесса ва Кировоград зарбалар остида қолган.
«Бугун россияликлар яна бизнинг инфратузилмамизга, одамлар учун нормал ҳаётни таъминлайдиган ҳамма нарсага зарба беришди. Бу ҳаво террорини маъносиз қилиш учун кўпроқ ҳимоя, барча мудофаа келишувларини, айниқса ҳаво ҳужумидан мудофаа бўйича келишувларни тезроқ амалга ошириш керак. Осмондаги бир томонлама ўт очишни тўхтатиш имкон доирасидаги иш ва айнан у ҳақиқий дипломатияга йўл очиши мумкин. Америка ва Европа Путинни тўхтатиш учун ҳаракат қилиши керак», – дея ёзган Украина президенти.
Лвив областида Россия ҳужуми оқибатида тўрт киши ҳалок бўлиб, яна тўрт киши яраланган, дейилади Украина фавқулодда вазиятлар давлат хизмати хабарида. Лвив области прокуратураси аниқлик киритишича, Лвив шаҳри яқинидаги Лапаевка қишлоғи ўққа тутилиши оқибатида турар жой биноси вайрон бўлиб, унда яшовчи оила аъзолари, жумладан, 15 ёшли қиз ҳам ҳалок бўлган. Оиланинг яна бир аъзоси ҳамда қўшни уйларда яшовчи икки киши турли даражадаги тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган. Лвив шаҳри ва областнинг бошқа ҳудудларида ҳам саноат ва энергетика объектларига зарба берилиши ҳолатлари кузатилган, газ омборларидан бирида ёнғин чиққан.

Roman Baluk / Reuters / Scanpix / LETA

Reuters / Scanpix / LETA

AFP / Scanpix / LETA
Запорижжя области маъмурияти раҳбари Иван Федоров Россия армияси ҳудуднинг шу номли марказига дронлар ва бошқарилувчи авиабомбалар билан ҳужум қилгани ҳақида маълумот берган. Сўнгги маълумотларга кўра, 69 ёшли аёл ҳалок бўлиб, яна 10 киши жароҳатланган. Шаҳар ҳудудида саккизта кўп қаватли уйлар ҳамда еттита хусусий уй, шунингдек, Запорижжя районида ҳам бир уй зарарланган.










