Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Трамп Ғазодаги уруш тугаганини эълон қилди

АҚШ президенти Доналд Трамп Ғазо секторида уруш тугаганини эълон қилди. «Ёдингизда бўлса, биз еттита можарони ҳал қилдик. Бу саккизинчиси. Ҳаммадан ҳам Россия–Украина осонроқ бўлади деб ўйлагандим. Ўйлайманки, бу ҳам амалга ошади», деди Трамп журналистларга.

Оқ уй раҳбари сўзларига кўра, шу ҳафта охирида Мисрга етиб боради ва Ғазо секторида тинчлик ўрнатиш бўйича тўлиқроқ келишув имзоланади. Шунингдек, у икки йил олдин Ҳамас томонидан гаровга олинган барча исроилликларни душанба-сешанба кунлари озод қилиш кераклигини қўшимча қилди.

АҚШ президенти Ғазо бой араблар ҳисобидан тўлиқ қайта қурилишини эълон қилди. «Бу минтақада баъзи мамлакатлар улкан бойликларга эга... Улар қиладиган иш Ғазо учун мўъжиза бўлади», деди Трамп.

Reutersʼнинг ёзишича, Доналд Трамп дунёдаги бошқа етакчилар уддалай олмаган ишни амалга оширди: Исроил бош вазири Бенямин Нетаняҳуни кенгроқ тинчлик битимининг биринчи босқичини қабул қилишга мажбур қилиб, бошқа Яқин Шарқ давлатларини Ҳамасга босим ўтказишга кўндирди.

«Босимсиз ҳеч қандай битим бўлмасди. Биби Трампга «йўқ» дея олмайди», деди Яқин Шарқ бўйича собиқ маслаҳатчи Деннис Росс.

АҚШ миллий разведкаси идораси собиқ расмийсига кўра, Трамп ва ундан аввалги президент Жо Байден даврида бузилган бошқа битимлар сингари бу сафарги келишувни ҳам барқарор ушлаб туриш учун президент ва унинг хавфсизлик жамоасидан узлуксиз, пухта меҳнат талаб этилади.

8 октябр куни Трамп Исроил ва Ҳамас Ғазо бўйича тинчлик режасининг биринчи босқичини имзолаганини маълум қилганди.

Ҳамас пайшанба куни воситачилар ва АҚШ маъмуриятидан Ғазодаги уруш тўлиқ якунланганига кафолат олганини маълум қилди.

«Биз воситачилар бўлган биродарларимиздан ва АҚШ маъмуриятидан урушнинг тўлиқ тугаганини тасдиқловчи кафолатларни олдик», — деди ал-Ҳайя.

Ал-Ҳайя айтишича, битимга мувофиқ 250 нафар умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган фаластинлик ва 2023 йилдан кейин ҳибсга олинган 1 700 киши озод қилинади. Шунингдек, аёллар ва болалардан иборат барча маҳбуслар ҳам қўйиб юборилади.