Президент Шавкат Мирзиёев 9 октябр куни Тожикистон пойтахти Душанба шаҳрида бўлиб ўтган «Марказий Осиё - Россия» форматидаги иккинчи саммитда иштирок этди.

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон раислигида ўтган тадбирда Россия президенти Владимир Путин, Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қирғизистон президенти Садир Жапаров ва Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов қатнашди.

Давлат раҳбари сўзининг аввалида Россия президенти Владимир Путинга Марказий Осиё билан кенг кўламли стратегик шерикликни ривожлантириш тарафдори бўлиб келаётгани учун миннатдорлик билдириб, унинг табиий шериклар бўлган мамлакатларимиз ҳамкорлигига янги суръат беришга қаратилган ташаббусларини қўллаб-қувватлади.

- Россия биз учун муҳим, устувор стратегик шерик ва иттифоқчи бўлиб келган, ҳозир ҳам шундай ва келгусида ҳам шундай бўлиб қолишини таъкидлайман. Умумий тарих, кўп асрлик алоқалар, халқларимизнинг маданий ва дунёқараш жиҳатдан яқинлиги, мамлакатларимиз ўртасидаги дўстона ва ишончли муносабатлар бундай ҳамкорликнинг мустаҳкам ва ўзгармас асоси ҳисобланади, - деди Ўзбекистон етакчиси.

Жаҳон иқтисодиётидаги тобора кучайиб бораётган геосиёсий кескинлик ва инқирозли ҳолатлар, шунингдек, юзага келаётган янги хавф-хатар ва таҳдидлар «Марказий Осиё - Россия» форматида янада яқин мувофиқлашув ва ҳамкорликни тақозо этаётгани қайд этилди.

Шу маънода, Ўзбекистон етакчиси минтақа мамлакатларининг Россия билан ҳамкорлиги истиқболлари юзасидан ўз нуқтаи назарини баён қилди.

Энг аввало, тизимли сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаш ва аниқ натижага қаратилган амалий ҳамкорликни кенгайтириш муҳим экани таъкидланди.

Шу боис, Ўзбекистон президенти ҳар йили олий даражадаги учрашувларни, ҳукуматлар, вазирликлар, идоралар ва ҳудудларнинг мунтазам мулоқотларини ўтказиш муҳимлигини таъкидлади.

2027 йилга қадар қўшма ҳаракатлар режаси қабул қилинишини қўллаб-қувватлаб, амалий ҳамкорликни кенгайтириш бўйича аниқ чора-тадбирларни ўз ичига олган янада батафсил «йўл харитаси»ни тайёрлашни таклиф этди.

Давлат раҳбари мамлакатларимиз транзит-транспорт салоҳиятидан, энг аввало, «Шимол - Жануб» йўлаги доирасида самарали фойдаланиш ғоят муҳим эканини таъкидлади.

- Биз автомобил, темир йўл ва авиация алоқалари соҳасида миллий дастурларни уйғунлантириш ва шу асосда инфратузилмавий шерикликнинг комплекс режаси – мамлакатларимиз Транспорт-логистика контурини ишлаб чиқишни таклиф этамиз. Ташқи хавф-хатарларга нисбатан барқарор бўлган интеграциялашган, ўзаро боғлиқ минтақавий транспорт инфратузилмасини шакллантириш бизнинг пировард мақсадимиз бўлиши зарур, - деди Мирзиёев.