Жаҳон | 11:16 / 10.10.2025
4318
2 дақиқада ўқилади

Россия газини Марказий Осиё давлатларига етказиб бериш ҳажми 15 фоизга ошди

2025 йилнинг саккиз ойида Россия газини Марказий Осиёга, жумладан, Ўзбекистонга етказиб бериш ҳажми 15 фоизга ошди.

Алексей Миллер Фото: gazprom.ru

Бу ҳақда «Газпром» бош директори Алексей Миллер Санкт-Петербург халқаро газ форумида сўзлаган нутқида маълум қилди.

Миллернинг сўзларига кўра, минтақа жадал иқтисодий ривожланишни намойиш этмоқда ва Марказий Осиё мамлакатлари иқтисодиёти яқин беш-олти йил ичида 60 фоизга ўсиши мумкин. Унинг таъкидлашича, бу ўсиш энергия ресурсларига, хусусан, табиий газга талабнинг ошишига олиб келади.

«Биз 2025 йилнинг саккиз ойи билан 2024 йилнинг шу даврини солиштирмоқдамиз. Россия газининг Марказий Осиёга, жумладан, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистонга етказиб бериш ҳажми 15 фоизга ошди. Бу катта ҳажмдир», — деди «Газпром» бош директори.

Миллер, шунингдек, «Сила Сибири - 2» доирасида амалга оширилаётган лойиҳалар минтақага етказиб бериш ҳажмини янада ошириш учун катализатор бўлиб хизмат қилишини таъкидлади. Унинг таъкидлашича, ушбу йўналишларнинг ривожланиши Марказий Осиё мамлакатлари, жумладан, Ўзбекистон учун барқарор энергия таъминоти ва иқтисодий ўсишни таъминлашда янги имкониятлар очади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид