“Қора душанба”, “қора пайшанба” – дунёда турлича номли молиявий инқирозлар бўлиб туради. Бу инқирозларнинг сабаби – молиявий пуфаклар. Улар ёрилганда, ҳўл-у қуруқни домига тортади. Хўш, бу каби кўнгилсизликлардан сақланиш имконияти борми? “Бор” дейди исломий молия бўйича мутахассислар. Kun.uz бу мавзуда АҚШнинг Юта университети профессори Монзер Қаҳф билан суҳбатлашди.

Менинг исмим Монзер Қаҳф. Америкалик арабман. Юта университетида пул-кредит ва ривожланиш иқтисодиёти бўйича фан докториман. Сўнгги 50 йил давомида иқтисодиётнинг турли йўналишларида, айниқса исломий иқтисодиёт ва исломий молияда фаолият юритиб келаман.

Исломий молияни қисқа тушунтирсак: у товар ва хизматлар ишлаб чиқариш, тақсимлаш ва истеъмол қилинишига боғланган, реал бозор ичида амал қиладиган молиядир. Яъни у реал сектордан ажраб, алоҳида яшамайди. Шу боис исломий молия муассасалари маблағни ҳам олишда, ҳам беришда фақат реал бозор битимлари орқали ишлайди (масалан, савдо, ижара, шерикчилик каби). Мақсад — пулнинг ўзи учун эмас, балки товар ва хизмат айланмаси орқали ишлатиш. Ана шу жиҳат билан исломий молия асосан қарз шартномасига таянадиган анъанавий молиядан фарқ қилади.

Қарз шартномаси орқали молия берсангиз ва депозитни ҳам қарз асосида қабул қилсангиз, сиз реал бозордан ажраласиз, чунки қарз фақат пул билан боғлиқ. Исломий молияда эса фақат пул билан иш кўрмаймиз.

Масалан, истеъмолчига машина, музлаткич ёки уй керак бўлса, биз реал бозорга чиқамиз ва сизга ўша уйни, машинани, компютерни ёки музлаткични етказиб берамиз — насия сотув (кредит) ёки ижара (лизинг) орқали. Демак, қўлга нақд пул бермаймиз. Бизнинг битимларимиз музлаткич бозори, компютер бозори, автомобил бозори, кўчмас мулк бозорида амалга ошади. “Пул бердик, сиз алоҳида бориб нима қиласиз” деган ёндашув бизда йўқ.

Қисқаси, исломий молия — битимларни реал товар ва хизматлар бозорида амалга оширишдир.

Исломий молия ишлаб чиқарувчиларни ҳам молиялайди. Масалан, сизга хомашё ёки ускуна керак бўлса, шу асосда молиялантириш мумкин. Омонат қабул қилишда ҳам исломий молия реал бозорга таянади: асосан «Вакала» (вакиллик) асосида омонат олинади. Яъни сиз бизни вакил қиласиз, бизнинг вазифамиз — пулларингизни сизнинг номингиздан инвестиция қилиш. Олинган даромад (фойда) бўлса, у олдиндан келишилган улушда тақсимланади: масалан, 90% сизга, 10% бизга ёки 50/50 — бу бозор шароитига қараб белгиланади. Мақсад — реал бозорда шаклланган фойдани ҳалол тарзда таъминлаш ва адолатли тақсимлаш.

Қисқаси, исломий молия муассасаси омонат эгалари, яъни маблағ манбаларининг вакили сифатида ишлайди. Инсонлардан маблағни шу асосда қабул қиламиз, уларнинг номидан сармоя қиламиз, тушган фойдани уларга бериб, ўзимиз эса келишилган кичик улушни оламиз. Муассасанинг барқарор фаолияти ҳам шу моделга таянади.