Ўзбекистон | 13:54 / 13.10.2025
7064
3 дақиқада ўқилади

Тошкент метросининг 14 та янги бекатини қайта очиш кечиктирилди

Бошланганига 4 ой бўлган таъмирлаш ишларидан кейин, ерусти ҳалқа йўлини қайта ишга тушириш тахминан 1 ноябр санасига белгиланган. Бу – аввалроқ айтилган 18 октябрдан икки ҳафтага кечикишни англатади. Метрополитен маъмурияти бу кечикишни “поездлар ҳаракатини олдингига нисбатан икки баробар тезлаштириш ва интервалларни максимал даражада қисқартириш” мақсади билан изоҳлади.

Фото: Kun.uz

Тошкент метросининг ерусти ҳалқа йўли йўналиши таъмирдан кейин аввал айтилганидек 18 октябрда эмас, тахминан 1 ноябрда очилади. Бу ҳақда метрополитен маъмурияти хабар берди.

“Аввалроқ ушбу йўналишнинг тахминан 18 октябрда фаолиятини қайта бошлаши мумкинлиги ҳақида маълумот берилган эди. Бироқ, синов жараёнларини янада такомиллаштириш ҳамда келгусида поездлар ҳаракатини олдингига нисбатан икки баробар тезлаштириш, шунингдек оралиқ вақт интервалларини максимал даражада қисқартириш мақсадида жорий йилнинг 1 ноябр санаси атрофида очилиши кутилмоқда. Ҳозирги пайтда ушбу йўналишда поездлар синов тариқасида (йўловчиларсиз) ҳаракатланмоқда.

Синов натижалари муваффақиятли якунланиб, барча техник талаблар тўлиқ тасдиқлангач, йўналиш йўловчилар учун ўз фаолиятини қайта бошлайди”, – дейилади хабарда.

14 та бекатдан иборат “Мустақилликнинг 30 йиллиги” йўналишида:

  • “Қипчоқ” ва “Турон” бекатлари 8 июндан бери;
  • “Қурувчилар”дан “Янгиобод”гача бўлган 6 та бекат 28 июндан бери;
  • “Янгиобод”дан “Дўстлик”кача бўлган сўнгги 6 та бекат 2 августдан бери ёпиқ қолмоқда.

Расмийлар таъмирлашни “режали профилактика ишлари” деб атамоқда.

“Йўл ҳолатлари тўғриланди, носоз шпаллар алмаштирилди, дренаж тизими ҳолати ўрганилди, шағаллар текширувдан ўтказилди”, – дейилади метрополитеннинг 13 октябр кунги ахборотида.

Тошкент метрополитени харитаси / Фото: Транспорт вазирлиги

Эслатиб ўтамиз, Тошкент метросининг ерусти ҳалқа йўли (“Мустақилликнинг 30 йиллиги” йўналиши) 2017-2024 йилларда қурилган эди.

Дастлабки 7 та бекат 2020 йил сентябр ойида, кейинги 5 та бекат 2023 йил апрел ойида, сўнгги 2 та бекат 2024 йил март ойида фойдаланишга топширилган.

2025 йил июнига келиб, йўналишда релслар ва шпалларни алмаштириш бошланди. Транспорт прокуратураси бу жараёнда қатор камчиликлар аниқлангани ҳақида хабар берган.

Маълумот учун, 2020 йилда “Юнусобод” йўлининг “Юнусобод” ва “Туркистон” ерости бекатлари фойдаланишга топширилган ва орадан 3 йил ўтиб, улар ҳам профилактик мақсадда тўрт ойга ёпилганди.

Тайёрлаган:  Комрон Чегабоев

Мавзуга оид